
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 август куни суд тизимини такомиллаштиришга доир тақдимот билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тақдимотда одил судлов очиқлиги ва қулайлигини ошириш, рақамлаштириш ҳисобига аҳоли учун қулайликлар яратиш, шунингдек, юқори малакали судья кадрларини тайёрлаш режалари муҳокама қилинди.
Тадбирда қайд этилганидек, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида «Рақамли суд» концепцияси ишлаб чиқилган. У коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга ортиқча бюрократик қийинчиликларсиз адолатли судловдан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
«Таҳлиллар шуни кўрсатдики, фуқаролик ва иқтисодий судларда кўриб чиқилаётган даъволарнинг муҳим қисми низосиз ишлар тоифасига киради. Шу муносабат билан, бундай масалаларни кўриб чиқишни маъмурий органларга ўтказиш таклиф қилинмоқда, бу эса фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларининг тезкор ҳал этилишига хизмат қилади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил февраль ойида ҳар йили судлар 1 миллион низосиз ишни, улардан 200 мингтаси коммунал тўловлар бўйича қарздорликларни кўриб чиқиши ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда президент бу масалаларни нотариуслар даражасида ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаган эди. Бундай ишларни кўриб чиқишни давлат идораларига ўтказиш таклиф этилган.
Яна бир янгилик — маъмурий ва иқтисодий ишларни экстерриториал тартибда кўриб чиқишга тегишли. «Замонавий рақамли технологиялар бундай имкониятни амалга оширишга имкон беради», — дея қайд этилган тақдимотда.
Судьяларни тайинлаш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Матбуот хизмати тақдимотнинг бу қисмини батафсил келтирмаган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирда судьялар дастлабки 5 йиллик, навбатдаги 10 йиллик ва кейинги умрбод лавозимда қолиш муддатига сайланади ёки тайинланади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2024 йилги ҳисоботида Ўзбекистонда судьянинг умрбод ишлаш кафолатлари етарли эмаслигини, чунки умрбод тайинлангунга қадар судья 2 марта ваколат муддатини узайтириш тартибидан ўтиши кераклигини қайд этган.
Барча йўналишдаги судлар бўйича минтақавий ревизия судларини ташкил этиш ва вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судларнинг ревизия инстанцияларини тугатиш таклиф қилинмоқда. Натижада, вилоят ва унга тенглаштирилган судларда фақат апелляция ва кассация инстанциялари фаолият юритади, ревизия инстанцияси эса бешта минтақавий судда жамланади.
Шунингдек, тақдимотда Судьялар олий мактабини ислоҳ қилиш ва унинг негизида Адлия академиясини ташкил этиш концепцияси тақдим этилди.
Давлат раҳбари билдирилган ташаббусларни маъқуллади, тегишли фармонларни имзолади ва вазифаларнинг тизимли ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.