
Франциянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Уалид Фук 2025 йил 27 август куни ўз вазифаларини бажаришга киришди, дея хабар берди элчихона матбуот хизмати.
Дипломат ўзбек тилидаги мурожаатида «минг йиллик маданияти ва меҳмондўстлиги билан машҳур бўлган мамлакатда» ўз фаолиятини бошлаганидан мамнунлигини билдирди.
«Сизлар билан ҳамкорлик қилиш ва мамлакатларимизнинг тарихий яқинлашувига кўмаклашиш учун бор кучимни ишга соламан… Яқин ойларда Франция ва Ўзбекистонни боғлаб турган дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва умумий келажакни қуриш учун барча ҳудудларга ташриф буюрмоқчиман», — деди элчи.
Уалид Фук — тажрибали дипломат. У Париж сиёсий тадқиқотлар институтини «давлат иши» йўналишида тамомлаган, сўнгра Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик масалалар, хавфсизлик ва қуролсизланиш бошқармасида ишлаган (2010−2014).
2014—2017 йилларда Франциянинг Пекиндаги элчихонасида сиёсий маслаҳатчи, 2017—2019 йилларда Нью-Йоркдаги БМТдаги Франциянинг доимий ваколатхонасида сиёсий маслаҳатчи лавозимида ишлаган.
Кейинчалик у Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратига Осиё ва Океания бошқармасида Узоқ Шарқ бўйича директор сифатида қайтган (2019−2020). 2020 йилдан 2025 йилгача Фук Франция президентининг Осиё, Океания ва Америка бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил октябрь ойидан бошлаб Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимини Орелия Бушез эгаллаган эди. Ўз миссияси якунида Ўзбекистон икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун уни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.