
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 август куни Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлигини мустақил республика ижро ҳокимияти органи сифатида ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Агар Рақамли технологиялар вазирлиги телекоммуникация соҳасидаги ваколатли давлат органи бўлса, янги агентлик тартибга солувчи орган бўлади. У ўз ваколатлари доирасида молия, тузилма ва қарор қабул қилиш бўйича мустақил ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
Унинг вазифалари жумласига алоқа операторлари ва провайдерлари хизматларининг сифат стандартларига мувофиқлигини ҳар ойлик мониторинг қилиш киради.
Агентлик штатига Рақамли технологиялар вазирлигининг 16 штат бирлиги ва Ғазначилик хизмати қўмитасининг 15 нафар мутахассиси ҳисобига 31 нафар ходим киритилади.
2025 йилда агентлик фаолияти Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 2026 йилдан бошлаб — давлат бюджети, лицензиялар учун давлат божларидан тушумларнинг Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасига йўналтириладиган қисмининг 5 фоизи ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Тартибга солувчи органнинг вазифалари
«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, тартибга солувчи орган молиявий ва таркибий жиҳатдан ҳамда қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланиб, соҳани тартибга солиш учун масъул юридик шахс сифатида фаолият юритади.
Тартибга солувчи органга қуйидаги вазифалар юклатилган:
- телекоммуникация соҳасидаги юридик шахслар учун лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш;
- фавқулодда вазиятларда телекоммуникация инфратузилмасидан фойдаланишни марказлашган ҳолда бошқариш, зарур бўлган ҳолларда унинг ишини чеклаш ёки тўхтатиб туриш;
- алоқа тармоқлари ва иншоотларини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказувчи юридик шахсларни аккредитация қилиш;
- телекоммуникация хизматларининг айрим турлари ва тармоқлараро уланиш тарифларини тартибга солиш;
- универсал хизматлар рўйхати ва уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;
- операторлар ва провайдерлар учун тенг ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашга кўмаклашиш;
- эркин рақобат асосида телекоммуникация хизматлари бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, операторлар, провайдерлар ва абонентлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқиш;
- телекоммуникация тармоқларини рақамлаш тизимини ишлаб чиқиш ва миллий рақамлаш режасини бошқариш;
- миллий сегментдаги интернетнинг домен номлари ва манзил маконидан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш;
- телекоммуникация воситаларини мажбурий рақамли маркировкалаш;
- бошқа органлар билан биргаликда тармоққа рухсатсиз кириш ва трафик узатишда ҳимоя чораларини айланиб ўтишни назорат қилиш;
- кўрсатилаётган алоқа хизматлари сифатининг белгиланган нормаларга мувофиқлигини мониторинг қилиш.