
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 август куни суд-ҳуқуқ соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Судьялар олий мактаби негизида Адолат академияси ташкил этилади. Янги муассаса Судьялар олий кенгаши ҳузурида юридик мақомга эга ихтисослашган давлат ташкилоти сифатида фаолият юритади. Академия бошқаруви президент томонидан тайинланадиган ректорга юклатилади.
Молиялаштириш давлат бюджети, ўқиш учун тўловлар, тадқиқот грантлари ва халқаро ҳамкорлик ҳисобидан амалга оширилади. Ўқитувчилар ва ходимларни рағбатлантириш учун махсус жамғарма ташкил этилади.
Судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш
Академия судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, амалдаги судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш билан шуғулланади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодлар учун давлат гранти асосида 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курслари жорий этилади. Ўқитиш «назария-амалиёт-имитация» тамойили асосида, шу жумладан ҳуқуқ-тартибот органлари, адвокатура ва эксперт муассасаларида амалиёт ўташ орқали олиб борилади.
Академияда судьялар ва суд ходимлари учун мажбурий малака ошириш дастурлари жорий этилади:
- 5 йиллик муддатга тайинланган судьялар — 2 йилда 1 марта;
- 10 йиллик муддатга тайинланган судьялар — 3 йилда 1 марта;
- Олий суд судьялари ва суд раҳбарлари — 3 йилда камида 1 марта.
Иш самарадорлиги паст бўлган судьялар навбатдан ташқари ўқишга юборилади.
Раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасидаги судьялар учун 2 ойлик махсус курслар ташкил этилади. Уларни муваффақиятли тугатиш раҳбарлик лавозимларига тайинланиш учун мажбурий шарт бўлади.
Рақамлаштириш
Ўқув жараёнига замонавий усулларни, жумладан, «Виртуал суд» форматидаги машғулотларни жорий этиш режалаштирилган. Бу реал вақт режимида суд мажлисларини кузатиш ва судьялар ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини беради.
Номзодлар ва амалдаги судьялар замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаларини ўзлаштирадилар, бу суд жараёнларини оптималлаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш имконини беради.
Ўқув дастурлари «юксак ахлоқий меъёрларни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш механизмлари» билан уйғунлашади. Ҳужжатда айтилишича, академия битирувчилари адолат ва масъулият тамойилларининг тимсоли бўлиши керак.
Илмий фаолият ва ҳамкорлик
Академия нафақат таълим, балки илмий-тадқиқот фаолияти билан ҳам шуғулланади. Суд қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган илмий ва амалий тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун Олий суднинг «Адолат» ахборот тизимидан фойдаланилади.
Академия хорижий таълим ва илмий марказлар билан фаол ҳамкорлик қилади. Ташқи ишлар вазирлиги ўқитувчилар ва тингловчиларнинг халқаро стажировкалар ва малака ошириш дастурларида иштирок этишини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, хорижий экспертларнинг Ўзбекистонга киришини соддалаштиради.
Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил охиригача биноларни реконструкция қилиш ва уларни замонавий технологиялар ва ўқув-услубий база билан жиҳозлашни таъминлайди. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб академияда «Суд фаолияти» бўйича янги 1 йиллик магистратура дастури бўйича ўқитиш бошланади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 август куни суд тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича тақдимот билан танишди. Низосиз ишларни фуқаролик ва иқтисодий судлардан маъмурий судларга ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, рақамли технологияларни қўллаган ҳолда ишларни экстерриториал кўриб чиқиш жорий этилади ва судьялар ваколати муддатлари қайта кўриб чиқилади.
Давлат раҳбарининг бошқа фармони билан суд жараёнларини рақамлаштириш, ишлар натижасини прогнозлаш учун сунъий интеллектни жорий этиш, шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини ислоҳ қилиш режалаштирилган. 2030 йилгача «Рақамли суд» концепциясини ҳисобга олган ҳолда 162 та янги суд биноси қуриш мўлжалланган.