
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан учрашувда 2026 йилдан бошлаб мамлакатда бизнесни 15 дақиқада бошлаш имконини берадиган янги ташаббусни эълон қилди.
«15 дақиқада бизнес» тамойили доирасида тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзидаёқ қуйидагилар амалга оширилади:
- электрон рақамли имзо берилади;
- банк ҳисобварағи очилади;
- ижара шартномаси хоҳишга кўра расмийлаштирилади;
- касса аппарати солиқ органларида рўйхатдан ўтказилади;
- тегишли йўналиш учун масъул давлат идораларига автоматик равишда хабарномалар юборилади.
Шу тариқа, бугунги кунда тахминан бир ҳафта вақт оладиган жараён 15 дақиқага қисқаради, деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев бизнес вакилларига мурожаатида «сизлар билан ҳар бир учрашув ва суҳбат менга алоҳида қувонч, баъзида эса илҳом бағишлайди», дея таъкидлади.
«Чунки мен сизнинг шахсингизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг амалий натижалари ва ютуқларини кўраман. Бугунги кунда мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес «ислоҳотлар катализатори»га айланди, деб баралла айтиш мумкин. Буни айнан сиз — тадбиркорлар яратдингиз. Бу билан ҳақли равишда фахрланиш мумкин», — деди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон тадбиркорлари учун «амнистия» эълон қилинди — улар 16 трлн сўмлик аниқланган хатоларни 2025 йил 1 ноябргача жаримасиз бартараф этишлари мумкин. Фойда солиғи бўйича аванс тўлови учун чегара 2 баробар оширилмоқда. ҚҚСга ўтишни рағбатлантириш учун компаниялар вақтинча фойда солиғидан озод этилади.
Президент, шунингдек, компанияларга лойиҳаларни жойлаштириш ва инвесторлардан тўғридан-тўғри маблағ жалб қилиш имконини берадиган инвестиция платформасини ишга тушириш режалари ҳақида ҳам маълум қилди. Ҳисоб-китобларга кўра, бизнес йилига қўшимча 1 млрд долларгача маблағ олиши мумкин. 100 та маҳаллий стартапни жаҳон даражасидаги компанияларга айлантириш режалаштирилган.