
Бу йил Ўзбекистонда Мустақиллик куни (1 сентябрь) муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгиланмаган. Бу ҳақда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
5 кунлик иш ҳафтаси бўлган ходимлар учун кетма-кет уч кунлик дам олиш кунлари — 30 август (шанба), 31 август (якшанба) ва 1 сентябрь (байрам куни) белгиланган.
6 кунлик иш ҳафтаси бўлган ходимлар учун икки кун — 31 август (якшанба) ва 1 сентябрь дам олиш кунлари бўлади.
«Қўшимча дам олиш кунлари белгиланмаган, дам олиш кунлари кўчирилгани ҳам йўқ», — дейилади Бандлик вазирлиги хабарида.
2018 йилда ўзбекистонликлар Мустақиллик кунида илк бор кетма-кет беш кун дам олишган (Янги йил ва Наврўздаги каби). 2021 йилда ҳам иш кунларини кўчириш ҳисобига шунча дам олиш куни берилган. Бошқа йилларда бу байрамда 3-4 кун дам олиш берилган.
2021 йил февраль ойида президент Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил, шунингдек, Рамазон ҳайит (Ийд-ал-Фитр) ва Қурбон ҳайит (Ийд-ал-Адҳа) диний байрамлари даврида камида 3 кун дам олиш куни белгиланиши тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Айни шу ҳужжатда камида беш иш куни давом этадиган «оилавий саёҳат учун таътил» тизимини жорий этиш ҳам назарда тутилган.