
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 18 август куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қурилган Миллий футбол маркази фаолияти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Марказ президентнинг 2023 йил 3 ноябрдаги «Футбол таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бунёд этилди.
Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 та миллий терма жамоа ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши мумкин. Инфратузилма таркибига стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона, пляж футболи майдончаси, футзал учун ёпиқ манеж, бассейн ҳамда реабилитация бўлими киритилган.
Мажмуа таркибидан Футбол мутахассислари ва илмий-тадқиқотлар маркази, Терма жамоаларни тайёрлаш маркази, Республика футбол академияси ҳамда Спорт тиббиёти ва реабилитация маркази жой олди.
Академияда ёш футболчиларни саралаш ва тайёрлаш билан шуғулланилади. Ишга Аргентина, Венгрия вава Хорватиядан мутахассислар жалб этилган бўлиб, улар мураббийлар, ҳакамлар, таҳлилчилар, селекционерлар ва футбол менежерларини тайёрлашга ёрдам беради.
Марказ, шунингдек, ВАР-марказ (VAR-center) ва спортчиларни тиклаш учун замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган.
Шавкат Мирзиёев спорт фахрийлари ва ёш футболчилар билан суҳбатлашди. У футбол Ўзбекистондаги энг оммавий спорт тури эканини ва уни ривожлантириш изчил давом этишини таъкидлади.
Футболчиларга мурожаат қилар экан, президент шундай деди: «Ўзингизнинг иродали ғалабангиз билан яна бир бор исботладингиз: халқимиз меҳнат қилса ва олдинга интилса, ҳамма нарсага эришишга қодир. Сизларнинг тимсолингизда бутун дунё Ўзбекистоннинг қатъиятли, ғурурли, ҳеч қачон таслим бўлмайдиган янги авлодини кўрди. Энди биз футболни аввалгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлаймиз».