Қирғизистон орқали Ўзбекистонга Хитойдан сохта акциз маркаларини олиб киришга уринишди

Ўзбекистон божхона органлари алкоголь маҳсулотлари қадоқланиши учун мўлжалланган 3,21 млн дона қалбаки акциз маркаларини мусодара қилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси раиси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, сохта акциз маркалари контрабандаси билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти натижасида давлат бюджетига 34,2 млрд сўм миқдорида зарар етказилиши мумкин эди.

Махсус операция Контрабандага қарши кураш бошқармаси томонидан Андижон, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари божхона бошқармалари билан ҳамкорликда, ҳуқуқ-тартибот идоралари кўмагида ўтказилди.

Қирғизистон божхона хизмати маълумотига кўра, «Хитой — Қирғизистон» авиа йўналиши орқали Бишкекка 2,5 млн дона Ўзбекистоннинг сохта акциз маркалари етказилган. Хитойда тайёрланган маркаларни Қирғизистондан Ўзбекистонга жўнатиш режалаштирилган.

Операциянинг биринчи босқичида Бишкекда қалбаки маркаларни кейинчалик жўнатиш учун қабул қилиб олган Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинган. Шундан сўнг Андижон вилоятининг Бўстон туманида маркаларни Самарқанд вилояти фуқаросига етказиши керак бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган.

Операциянинг якуний босқичи Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган, у ерда асосий қабул қилувчи шахс қўлга олинган. Унинг уйини кўздан кечириш чоғида божхоначилар 710 минг дона сохта маркаларни топган.

Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.