
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси талабалар ва уларнинг ота-оналарини турар жой ижараси билан боғлиқ фирибгарликлардан огоҳлантирди.
Янги ўқув йили арафасида пойтахтга турли ҳудудлардан келаётган талабалар ва уларнинг яқинларини алдаш ҳолатлари кўпайди, дея таъкидлади ИИББ. Кўпинча бундай жиноятлар интернетда арзон нархларда ижарага бериладиган турар жойлар тўғрисидаги эълонлар орқали содир этилади.
«Жиноятчилар бошқаларнинг квартира расмларини жойлаштириб, уларни арзон нархда ижарага беришни таклиф қиладилар. Талабалар ёки уларнинг қариндошлари улар билан боғланганида, фирибгарлар гўёки банд қилиш учун ёки икки ойлик гаров сифатида олдиндан тўлов қилишни талаб қиладилар. Пулни олгач, улар дарҳол ғойиб бўладилар, абонентларни блоклайдилар ва эълонларни ўчириб ташлайдилар», — дея огоҳлантирди ИИББ.
Шу муносабат билан бошқарма квартира шахсан кўздан кечирилмагунча ҳеч қачон пул ўтказмасликни тавсия қилади.
«Ижара шартномасини фақат уй эгаси билан шахсан учрашгандан сўнг тузинг. Паспорт нусхалари ва бошқа шахсий маълумотларни бегона шахсларга юборманг. Ҳушёр бўлинг, яқинларингизни огоҳлантиринг ва гумонли эълонлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беринг», — дея таъкидлади бошқарма.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 августдан my.gov.uz порталида талабалар ётоқхоналари учун аризалар қабули бошланди. Аввало, имтиёз ва устунликка эга бўлган талабалар қабул қилинади. Қолган жойлар ариза берган бошқалар ўртасида навбат асосида тақсимланади.