
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан 2025 йил 22-23 август кунлари «Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши белгиланди, дея хабар берди ЎзА.
Ҳашар доирасида маҳаллалар, ҳовлилар, кўп қаватли уйлар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўчалар ва болалар майдончаларини ободонлаштириш режалаштирилган. Дарахтларни оқлаш ва буташ, шунингдек, чиқиндиларни махсус ажратилган жойларга олиб чиқиб кетиш ишлари ҳам амалга оширилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга, хусусан, кам таъминланган, кексалар ва ногиронлиги бор шахсларга уй-жой шароитини яхшилашда ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳашар иштирокчилари керакли техника ва анжомлар билан таъминланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли қарорига мувофиқ, ҳашарлар доирасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш жойларини тартибга келтириш ишлари бажарилади, шу билан бирга, бошқа барча турдаги жамоат ишларига, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб қилиш қатъиян тақиқланади.

