
Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, Жиззах вилоятининг Фориш тумани ҳокими ўринбосари йирик миқдорда пора олишда гумонланиб, қўлга олинди.
Идора маълумотларига кўра, амалдор 2025 йил июнь ойида ихтисослашган қишлоқ хўжалиги корхонасидан аукционда ютиб олинган 204 гектар суғориладиган ердан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолишда ёрдам бериши эвазига 30 минг доллар талаб қилган. У ер участкасини туман захирасига қайтармасликни ва ердан муаммосиз фойдаланишни таъминлашни ваъда қилган, дейилади хабарда.
Давлат хизматчиси ушбу сумманинг 20 минг долларини дарҳол, қолган 10 минг долларини эса ҳосил йиғилгандан кейин бериш кераклигини айтган. У биринчи қисм пулни олаётганда ўз хизмат машинасида жиноят устида қўлга олинган, дея маълум қилди ДХХ.
Ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда катта миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Айбланувчи ҳибсга олинган. Ҳозирда тергов олди ҳаракатлари олиб борилмоқда.