
Ўзбекистон Пенсия жамғармаси ва Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси икки давлат фуқароларига пенсия тўлаш тўғрисидаги келишув лойиҳасини келишиб олди, дея хабар берди ташкилотлар матбуот хизматлари.
Жамғармалар раҳбарлари Тошкентда 2025 йил 11–14 август кунлари ўтказилган музокаралар якунида давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича маъмурий келишув лойиҳаларини дастлабки келишиб олдилар.
Музокаралар чоғида икки давлат қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда ҳужжатларнинг айрим моддалари, шунингдек, уларни амалга оширишда қўлланиладиган ҳужжатлар шакллари аниқлаштирилди.
Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси маълумотларига кўра, келишувларнинг асосий мақсади икки давлат фуқароларининг суғурта ва давлат пенсияларини олиш бўйича тенг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, суғурта бадалларининг 2 марта тўланишига йўл қўймасликдир.
Келишувлар қуйидагиларни назарда тутади:
- пенсия тайинлашда суғурта стажини жамлаш;
- яшаш мамлакатидан қатъи назар, етказиб бериш харажатларини ушлаб қолмасдан, фуқароларга тўғридан-тўғри пенсия тўлаш;
- 2 марта ажратмаларнинг олдини олиш учун хизмат сафарлари ва муддатларни узайтириш бўйича махсус нормалар.
Қайд этилганидек, келишувларнинг амалга оширилиши фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун шароит яратибгина қолмай, балки ижтимоий-иқтисодий соҳадаги, жумладан, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» каби йирик инфратузилма лойиҳалари доирасидаги ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди.