Ўзбекистон банклари сўралган суммадан ортиқ 1,1 млн микроқарз берган — МБ

Ўзбекистонда банкларга мижозларни сўралган суммадан ортиқ кредит олишга ундашни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу Марказий банкнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган буйруғи лойиҳасида назарда тутилган.

Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил апрель-июнь ойларида банклар мижозларнинг аризасида кўрсатилганидан ортиқ бўлган 1,1 млн микроқарз берган.

“Бундай агрессив кредитлаш амалиёти мижозларни ўз молиявий имкониятларини таҳлил қилмасдан ва келажакдаги мумкин бўлган хатарларни ҳисобга олмасдан, заруратсиз қўшимча қарз маблағларини олишга ундайди. Натижада, молиявий қийинчиликларга дуч келган фуқаролар кредитни тўлашда муаммоларга дуч келади”, — дейилади изоҳли хатда.

Буюк Британия Молиявий назорат ва тартибга солиш бошқармаси талабларига кўра, компания мижозни аризада кўрсатилган суммадан ортиқ тартибга солинадиган кредит шартномасини тузишга ундаш, бунинг учун рағбат ёки имтиёзлар бериш ёки бошқа йўллар билан бундай қарорга мойил қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Бундан ташқари, баъзи ҳолларда Ўзбекистон банклари кредит бўйича тўловларни шартнома ёки жадвалда белгиланган санадан олдин ундиришни бошлайди ва буни банкнинг операцион куни бошлангани билан изоҳлайди.

Марказий банк бундай амалиётни тақиқлашни таклиф қилди, банкнинг ички дастурий тизимлари билан боғлиқ масалалар кредит ташкилотининг ички иши экани ва қарз олувчи билан банк ўртасидаги шартнома шартлари асосида ташкил этилиши кераклигини таъкидлади.

Алоҳида банд ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни ҳимоя қилишга тааллуқли. Ҳозирда уларнинг банк карталарига мақсадли давлат нафақалари ва тўловлари ўтказилади, аммо баъзи банклар ушбу маблағлардан муддати ўтган қарздорликни сўндириш учун фойдаланади. Регуляторнинг фикрича, бундай тартиб фуқароларни ёрдамни мақсадли сарфлаш имкониятидан маҳрум қилади ва уларнинг молиявий аҳволини ёмонлаштиради.

Ушбу лойиҳа доирасида банклар шартнома имзолашдан олдин қарз олувчиларга кредит хатарлари ҳақида чек-лист беришга мажбурланиши мумкин. Шунингдек, иловаларда “қоронғу намуналар”дан фойдаланишни тақиқлаш ҳам таклиф қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 2 июлдан Марказий банк автокредитлар ва микроқарзлар бўйича ўртача ставкаларни эълон қилишни бошлади — энди қарз олувчилар турли банкларнинг шартларини солиштириши ва фойдалироғини танлаши мумкин. Ўша пайтда микроқарзлар бўйича ставкалар 40%га, автокредитлар бўйича эса 29%гача етганди. 2025 йил 11 август ҳолатига кўра, микроқарзлар бўйича максимал ставкалар 41,9%га кўтарилди, автокредитлар бўйича эса 28%гача пасайди.

Марказий банкнинг 2024 йил якунлари бўйича молиявий барқарорлик шарҳида кредитлар бўйича талаблар кучайтирилганига қарамай, Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки юқорилигича қолмоқда. Автокредитлаш сегментида вазият яхшиланди, аммо микроқарзлар бўйича хатарлар ошди. Бир нечта кредити бор қарз олувчилар сонининг кўпайиши банклар ўртасида “юқтириш” хавфини ошириши мумкин.