
Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларининг истеъмолчилар билан ишлашига қўшимча минимал талабларни белгиловчи буйруқ лойиҳасини тайёрлади. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Регулятор маълумотларига кўра, амалиётда қарз олувчи ва кафиллар кредит мажбуриятларини бажармаслик оқибатларини тўлиқ тушунмаган ҳолда кредит шартномасини тузиши ҳолатлари учраб туради. Натижада, келажакда улар кредитни тўлашда муаммоларга дуч келиши мумкин, бу эса ўз навбатида уларнинг кредит тарихида муддати ўтган қарздорлик ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлишига олиб келади ва янги қарз олиш имкониятларини чеклайди.
Лойиҳада қарз олувчи шартнома тузишдан олдин олиши керак бўлган, кредитлаш хатарлари ҳақидаги маълумотлар акс этган стандартлаштирилган чек-листни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Хусусан, кредит ажратиш бўйича ижобий қарор қабул қилингандан сўнг, аммо кредит шартномаси расмийлаштирилгунига қадар (оферта тасдиқланиши) банк жисмоний шахсга кредит мажбуриятлари билан боғлиқ бўлган мумкин бўлган хатарлар тавсифи кўрсатилган чек-листни тақдим этиши шарт бўлади. Имзоланган (ёки электрон тарзда тасдиқланган) чек-листсиз шартномани расмийлаштириш тақиқланади.
Шунингдек, банклар молиявий қийинчиликка ёки форс-мажор ҳолатларга тушиб қолган мижозлар учун кредитларни қайта тузишнинг (кредит шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш) ички тартибини ўз веб-сайтларида жойлаштириши ва эълон қилиши шарт қилиб қўйилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу тартибда ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёлларнинг кредит тўловлари муддатини 10 ойгача узайтириш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш бўйича қоидалар бўлиши керак.
МБ фикрича, ҳозирда кредит шартномалари шартларини қайта кўриб чиқиш жараёни (қайта тузиш) истеъмолчилар учун ноаниқ ва шаффоф эмас.
Банк хизматларини кўрсатишда виждонсиз амалиётлар рўйхатига қуйидаги тақиқлар билан қўшимча киритиш таклиф этилмоқда:
- истеъмолчиларни ўз аризасида кўрсатилгандан ортиқ суммага кредит олишга ундаш;
- давлат томонидан бериладиган ижтимоий нафақалар ва ёрдам, шунингдек, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 69-моддасида кўрсатилган маблағлар ҳисобидан қарздорликни ундириш;
- шартномада ёки тўлов жадвалида кўрсатилган санадан олдин кредит тўловларини муддатидан олдин тўлашни талаб қилиш, қарз олувчи банкнинг автотўлов хизматидан фойдаланган даврда ҳисобдан чиқариш ҳолатлари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, мобил иловаларда “қоронғу намуналар”дан — олдиндан ўрнатилган белгилар, автоматик тўлдирилган маълумотлар ва шартнома матни билан тўлиқ танишмасдан розилик бериш имкониятидан фойдаланишни чеклаш таклиф қилинмоқда.
Мижоз параметрларни мустақил танлаши ва майдонларни тўлдириши керак бўлади. Жумладан — кредит ҳисоботи сўрови, реклама маълумотларини олиш, масофавий хизматни улаш, муддати ўтган қарздорликни ундириш, банк хизматларининг умумий шартлари билан танишишни тасдиқлаш, банк тарифларини қабул қилиш, рўйхатдан ўтган ва амалдаги яшаш манзилининг мос келиши ва бошқалар.
Бундан ташқари, иловада шартномага розилик фақат уни тўлиқ кўриб чиқилгандан сўнг тасдиқланиши мумкин.
Ҳужжатни тайёрлашда Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Бразилия ва Ҳиндистон давлатлари тажрибаси ўрганилди.
Марказий банкнинг 2024 йил якунлари бўйича молиявий барқарорлик шарҳида айтилишича, кредитлар бўйича талаблар кучайтирилганига қарамай, Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки юқорилигича қолмоқда. Автокредитлаш сегментида вазият яхшиланди, аммо микроқарзлар бўйича хатарлар ошди. Бир нечта кредити бор қарз олувчилар сонининг кўпайиши банклар ўртасида “юқтириш” хавфини ошириши мумкин.