«Уч Қаҳрамон» бозоридаги ёнғин зарари 74 млрд сўмга баҳоланмоқда. Тафсилотлар

Тошкент вилояти ҳокимлиги 2025 йил 11 августга ўтар кечаси Тошкент туманидаги «Уч Қаҳрамон» бозори ҳудудида содир бўлган ёнғин тафсилотларини маълум қилди.

Ёнғин ва зарар

Маъмурият маълумотларига кўра, ёнғин соат 02:20 да бошланган ва дастлабки тахминларга кўра, ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида юзага келган. Аланга тахминан 8000 кв. метр майдонни қамраб олиб, савдо павильонларидаги мол-мулкни йўқ қилган. Умумий зарар 74 млрд сўмга (тахминан 5,9 млн доллар) баҳоланмоқда. Ёнғин фаолият юритаётган ҳар учинчи дўконга — 567 тадан 181 тасига (31,9%) зарар етказган.

Дастлабки ўт ўчириш бригадалари воқеа жойига соат 02:29 да етиб келган ва ёнғин соат 04:46 да тўлиқ бартараф этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга бозор кириш қисмининг ўнг томонидаги биринчи ва иккинчи дўконлар орасидаги электр симларидаги авария (ортиқча юклама, юқори ўтиш қаршилиги) сабаб бўлиши мумкин. Аниқ ҳолатларни аниқлаш учун комплекс суд экспертизаси ўтказилмоқда.

Ёнғин натижасида 137 нафар тадбиркорга тегишли 181 та дўкон, шунингдек, 76 та бўш дўкон зарар кўрган:

  • А блокида — 78 нафар тадбиркор (106 та дўкон),
  • С блокида — 11 нафар тадбиркор (19 та дўкон),
  • Е блокида — 48 нафар тадбиркор (56 та дўкон).

Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, оғир оқибатларга олиб келиши) билан жиноят иши қўзғатди. Иш Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига ўтказилди.

2025 йил 12-13 август кунлари туман ҳокими бошчилигидаги бозор маъмурияти 165 нафар тадбиркорга бозорнинг зарар кўрмаган қисмида жойлашган 63 та бўш дўконни икки ой муддатга текинга ижарага берди:

  • 12 кв. метрдан 56 та дўкон — ҳар бирида икки нафар тадбиркор (112 киши),
  • 24 кв. метрдан 2 та дўкон — ҳар бирида тўрт нафар тадбиркор (8 киши),
  • 9 кв. метрдан 5 та дўкон — ҳар бирида биттадан тадбиркор (5 киши).

8 нафар тадбиркор таклиф қилинган жойлардан воз кечди, яна 4 нафари дўкон олиш истагини билдирди, аммо ҳали унга мурожаат қилмаган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда жабрланганларга ўз фаолиятини қайта тиклашлари учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Вилоят ҳокимининг тадбиркорлар билан учрашуви

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 2025 йил 14 август куни «Уч Қаҳрамон» бозорига ташриф буюриб, тадбиркорлар ва савдо мажмуаси ходимлари билан суҳбатлашди.

Учрашувда вилоят прокурори Азамат Мирзаев, вилоят ИИББ бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов, вилоят ФВБ бошлиғи Абдулазиз Алиматов, Тошкент тумани ҳокими Сардор Эргашев ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Вилоят раҳбари тадбиркорларга бозорнинг зарар кўрмаган қисмидан савдо шохобчалари ва дўконлар берилишини маълум қилди.

«Эртадан ёнғиндан жабр кўрган тадбиркорлар бозорнинг зарар кўрмаган қисмидаги бўш дўконларга кўчиб ўтишни бошлайдилар. Бозор 17 август куни ўз фаолиятини қайта бошлайди. Қайта очилиш кунида ҳар бир тадбиркор билан шахсан суҳбатлашиш учун яна келаман. Тадбиркорлар орасидан маъмурият билан биргаликда савдо жойларининг адолатли тақсимланишини назорат қиладиган вакиллар танлаб олинади», — деди Зойир Мирзаев.

Вилоят прокурори Азамат Мирзаев ёнғин ҳолатларини тергов қилиш учун 40 нафар терговчидан иборат гуруҳ жалб этилгани ва ҳудудда тезкор штаб фаолият юритаётганини таъкидлади. Вилоят ИИББ бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов зарарни баҳолаш учун мутахассислар жалб қилинган ҳолда комплекс тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Вилоят ФВБ бошлиғи Абдулазиз Алиматов воқеа жойида ёнғин сабабларини аниқлаш ва оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этаётганини маълум қилди. «17 августдан бозорнинг зарар кўрмаган қисмида савдо-сотиқни қайта бошлашга рухсат берилади», — дея таъкидлади.

Бозор билан нима бўлади?

«Уч Қаҳрамон» бозори жойлашган ер майдони 1993 йилда Тошкент метрополитени эҳтиёжлари учун қурилишга берилган. Тошкент вилояти ҳокимининг 1993 йил 19 майдаги 107-сонли қарорига асосан, метрополитенга Юнусобод линиясининг вагон депосини қуриш учун 6,5 гектар суғориладиган ер ажратилган. Компенсация сифатида 1000 тонналик сабзавот омбори, 75 ўринли болалар боғчаси қурилиши ва 30 минг кв. метр майдонни асфальтлаш кўзда тутилган.

2009 йилда Тошкент тумани ҳокимининг 12-сонли қарорига асосан, «Метрополитен капитал қурилиш» УКга тегишли бўлган ҳудудда «Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси» МЧЖ томонидан узоқ муддатли ижара шартларида қурилган савдо павильонлари ва қаторларидан вақтинчалик фойдаланишга рухсат берилган.

Икки йил ўтгач, 2011 йил апрель ойида Зангиота тумани ҳокимининг 238-сонли қарори билан ушбу ҳудудда жойлашган 9071,89 кв. метр майдонга эга бинога нисбатан «Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси» МЧЖга кейинчалик давлат рўйхатидан ўтказиш билан мулк ҳуқуқи берилган. Бунда ерни ижарага олиш ҳуқуқи тугатилган тақдирда бинолар эгаси ҳисобидан бузиб ташланиши керак бўлган.

2017 йил февраль ойида Тошкент шаҳар ҳокимининг 149-сонли қарори билан «Метрополитен капитал қурилиш» УК негизида унинг мулкининг ҳуқуқий вориси сифатида «Toshkent Texnotrans Logistik» УК ташкил этилган.

2024 йил февраль ойида «Toshkent Texnotrans Logistik» 65 минг кв. метр майдонга эга ер участкаси учун кадастр паспорти ва давлат рўйхатидан ўтган.

«Уч Қаҳрамон» бозорининг умумий майдони 6,5 гектар бўлиб, унинг ҳудудида 902 та дўкон мавжуд, шундан 567 таси (56,4%) фаолият кўрсатади. Компания муассислари — Латифхон Зуннунович Жўраев ва Умрилло Зикриллаевич Исамуҳамедов, директор — Ҳусниддин Муҳитдинович Умаров. Мажмуада 26 нафар ходим ишлайди.

Тошкент вилояти ҳокимининг сўзларига кўра, бозорнинг кейинги тақдири Тошкент метрополитенининг қарорига боғлиқ бўлади. Метрополитен бошлиғи Раҳмонбек Усмонов 2026 йил 1 мартдан бошлаб ушбу ҳудудда метро учун зарур бўлган инфратузилма объектини қуриш режалаштирилганини маълум қилди.