
Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатида «Зарбдор 100 кунлик» эълон қилинмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 13 август куни тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Президент топшириғига кўра, тўқимачилик саноатида фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорнинг фикрлари ўрганилди.
«Уларни қийнаётган муаммолар билан атрофлича танишдим. Ҳозир уларга ечимларни маълум қиламан. Бугундан бошлаб тўқимачилик саноатида „Зарбдор 100 кунлик“ эълон қиламиз», — деди давлат раҳбари.
Аввало, ҳолати ёмонлашган корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Бу йил кластерларга гаров эвазига кредит қарздорлигини тўлаш муддатини 5 йилгача узайтиришга рухсат берилди.
Бундай ҳолда, кластерлар фақат асосий қарзни тўлайди, Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва банклар фойдасига ҳисобланган фоизлар эса асосий қарз тўлиқ қоплангандан сўнг ундирилади. Бу кластерлар ихтиёрида йилига 800 миллиард сўмгача айланма маблағ қолишига имкон беради.
Агар кластер асосий қарз ва фоизларни ўз вақтида тўласа, фоизнинг жамғарма учун мўлжалланган қисмининг ярми тадбиркорга қайтарилади.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, кластерларнинг 2022−2023 йиллар ҳосили учун берилган кредитлар бўйича 2025 йил 1 август ҳолатига ҳисобланган 377 миллиард сўм пеняси ҳам ҳисобдан чиқарилади.
Бундан ташқари, 2,2 миллиард долларлик кредит мажбуриятларига эга бўлган 144 та корхонани молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Фаолияти барқарорлаштирилиши мумкин бўлган корхоналар учун кредитларни тўлаш муддати 7 йилгача узайтирилади.
Пахтани ўз вақтида ва йўқотишларсиз йиғиб олиш учун фермерларга ҳар тоннаси учун 1 миллион сўм миқдорида субсидия берилади. Агар корхоналар пахтани ўз маблағлари ҳисобидан етиштирса ёки сотиб олса, уларга хомашё нархининг 10% қопланади.
Энди «тўқимачилик занжири»даги барча корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1% даражасида белгиланади. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя реестридаги фуқароларни ишга жойлаштириш талаби бекор қилинади, сотилган маҳсулот ҳажмидаги тўқимачилик маҳсулотларининг минимал улуши 90%дан 70%гача камайтирилади.