Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 14/08/2025

Тошкентдаги иссиқлик тармоқларининг 68% авария ҳолатида — Veolia

Тошкентдаги иссиқлик тармоқларининг 68% авария ҳолатида. Бу ҳақда 2025 йил 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Veolia Energy Tashkent бош директори Севара Пардаева маълум қилди.

«Ҳар йили 474 км авария ҳолатидаги тармоқларимиз ёпилади. Бу кам сон эмас. Бу жараённи бошқариш учун бизда диспетчерлик хизмати ташкил этилган, чунки бу участкаларнинг барчаси авария ҳолатида. Лекин биз ҳозирда бу устида ишлаяпмиз», — деди.

Унинг сўзларига кўра, техника ва жиҳозлар етишмаслиги аварияларни бартараф этишни қийинлаштирмоқда.

«Бу шуни англатадики, бизда авария ҳолатидаги машиналар, шунингдек, аварияларни бартараф этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар етарли эмас. Ҳозирда уларни кўпайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда. 2026 йил учун бюджетни тегишли органларда муҳокама қиляпмиз ва бу биринчи бандлардан бири — авария ҳолатидаги участкалар сони ортиб бораётгани сабабли, биз ўз томонимиздан тайёр туришимиз керак. Яъни, фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф этишга тайёр туриш вазифаси қўйилмоқда», — дея қайд этди Veolia Energy Tashkent раҳбари.

У алоҳида локал қозонхоналар масаласига тўхталиб ўтди. «Локал қозонхоналардан фойдаланиш, биринчи навбатда, тежамкорлик билан боғлиқ. Бизда газни тежаш масаласи долзарб. Аммо гап уларни шаҳар бўйлаб 100% ишлатиш ҳақида кетмаяпти. Режада — уларни локаллаштирилган участкалар доирасида ажратилган алоҳида ҳудудлар учун жорий этиш», — дея тушунтирди Пардаева.

У йирик қозонхоналарнинг самарасиз юкланганлигига мисол келтирди. «Масалан, катта қозонхона турибди, лекин унинг қуввати ярим фоизга ҳам юкланмаган, шунчаки керак эмас ва фойдаланилмаяпти. Ҳозир, биласиз, Юнусобод ва Назарбек томондаги иссиқхоналар ўчирилгандан сўнг, иккита қозонхона ТЦ-9 ва ТЦ-10 ўз қувватининг ярмида ишламоқда. Бунинг ўрнига 5 та локал қозонхона қуриш фойдалироқ», — деди.

Пардаеванинг сўзларига кўра, бу лойиҳани амалга ошириш иссиқлик таъминотининг очиқ тизимидан ёпиқ тизимига ўтиш бўйича 7 йиллик дастур доирасида режалаштирилган.

Аввалроқ у Тошкентда иситиш ва иссиқ сув тарифларини навбатдаги ошириш таклиф қилинаётганини айтган эди. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб аҳоли учун нарх 15%, юридик шахслар учун 40%, бюджет ташкилотлари учун эса 19%га ошиши мумкин.

Март ойида президент, агар иссиқлик таъминотида «яшил» энергия улуши оширилмаса, 10 йил ичида газга бўлган эҳтиёж икки баравар кўпайишини айтган эди. У тизимни модернизация қилиш учун 19 трлн сўм ажратилганини маълум қилди. Уй-жой коммунал хўжалиги вазири соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича 5 йиллик дастур белгиланганини билдирди.

2025 йил 1 июндан бошлаб иссиқлик таъминотига янги талаблар жорий этилди. Барча янги қурилаётган ва реконструкция қилинаётган биноларда қуёш панеллари, сув иситгичлари ва иссиқлик насослари мажбурий бўлади. Марказлашган иссиқлик таъминоти ёпиқ тизимга ўтказила бошланади.