Тошкентда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув нархи яна оширилиши режалаштирилмоқда

Тошкентда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув таъминоти тарифларини ошириш давом эттирилиши режалаштирилган. 2025 йил 12 август куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида Veolia Energy Tashkent бош директори Севара Пардаева шундай таклиф билан чиқди.

Унинг сўзларига кўра, пойтахт аҳолиси базавий тарифнинг атиги 18%ни тўлайди, қолган қисми эса шаҳар бюджетидан субсидия сифатида қопланади. Ҳукумат 2030 йилгача иссиқлик ва иссиқ сув хизматлари учун субсидиялардан босқичма-босқич воз кечишни режалаштирмоқда.

«Бу жуда муҳим ва осон бўлмаган вазифа. Бугунги кунда аҳоли умумий тарифнинг атиги 18 фоизини тўламоқда. Биз бу масалани Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишламоқчимиз. Вазирликнинг ҳозирги сиёсати манзилли субсидиялаш — айнан муҳтож оилаларга ёрдам беришдан иборат», — деди.

Veolia Energy Tashkent келгуси 5 йил ичида тарифларни истеъмолчилар томонидан 100% тўланадиган даражага етказишни мақсад қилган.

«2019 йилда бизнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳамиз [Veolia билан] ишлаб чиқилганда, тарифлар ҳар йили камида 30%га оширилиши кутилган эди. Бироқ, аслида, биз бу жараённи фақат 2022 йилдан бошладик. 2024 йилда биз биринчи марта 30%лик ўсишга эришишимиз керак эди. Ўтган йили аҳоли учун тариф 2 марта — ҳар сафар 15%га оширилди», — дея эслатди компания раҳбари.

Унинг аниқлик киритишича, бу йил газ ва электр энергияси тарифлари 2025 йил 1 апрелдан эмас, 1 майдан, иссиқлик манбалари учун эса 15 июндан оширилган.

«Бошқа чорамиз йўқ, ошириш керак. Акс ҳолда, агар бу чора ҳар йили амалга оширилмаса, кейинги йилларда тарифларни 30%га эмас, балки 40−50%га кўтаришга тўғри келади», — дея таъкидлади Пардаева.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб аҳоли учун иссиқ сув ва иситиш тарифларини 15%га ошириш таклиф этилмоқда. Ҳозирда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун чакана тариф 121 617 сўм/Гкал (ҚҚСсиз)ни ташкил этади. Агар таклифлар маъқулланса, нарх 139 минг сўмгача ошади.

«Шу билан бирга, бизда бошқа истеъмолчилар ҳам бор — давлат муассасалари ва бошқа юридик шахслар, гарчи уларнинг улуши 10% бўлса ҳам. Биз таҳлил ўтказдик ва Тошкентдаги тадбиркорлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги тадбиркорларга қараганда коммунал хизматлар учун энг паст тарифларни тўлаётганини аниқладик», — деди.

Пардаева Тошкентда тарифлар дифференциация қилинганини тушунтирди.

«Юридик корхоналар тўламаган қисми бюджет ташкилотлари томонидан қопланади, бу эса давлат зиммасига тушади. Тошкентда давлат корхоналари ва юридик шахслар учун тарифлар ўртасидаги фарқ жуда катта бўлиб кетди. Республиканинг қолган қисмида тариф бир хил: масалан, ҳам давлат муассасаси, ҳам сартарошхона 500 минг сўм тўлайди. Аммо бизда ҳозир фарқ жуда катта: амалдаги тариф бўйича давлат корхоналари 1 Гкал учун 801 минг сўм, юридик шахслар эса 244 минг сўм тўлайди. Бу эса давлат зиммасига янада кўпроқ юк тушишини англатади», — дея таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, давлат корхоналари орасида тижорат тузилмалари ҳам бор. «Агар улар учун нархни оширсак, давлат ҳозиргидек улар учун тўламайди. Уларнинг ўзлари нархларини оширадилар ва охир-оқибат бу юк барибир истеъмолчи зиммасига тушади», — дея қўшимча қилди Пардаева.

2024 йили компания юридик шахслар учун тарифларни 50%га оширишни таклиф қилганди, бироқ бу таклиф қабул қилинмади ва ўсиш 15% билан чекланди.

«Натижада, бир йилда қарийб 75 млрд сўм кам олдик. Биз буни бошқа харажатларни тартибга солиш орқали қоплашга ҳаракат қилдик. Аммо агар биз тарифларни бу тартибда — йилдан-йилга оширишда давом этсак, бу нотўғри натижаларга олиб келади, деб ўйлайман. Бу йил яна 50%га оширишни таклиф қилдик, аммо муҳокамалардан сўнг юридик шахслар учун тарифларни 40%га, давлат корхоналари учун эса 19%га ошириш таклиф қилинди», — деди Veolia Energy Tashkent раҳбари.

Агар янги тарифлар маъқулланса, юридик шахслар учун нарх 342,3 минг сўмгача, бюджет ташкилотлари учун эса 954,3 минг сўмгача ошади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт бюджети харажатларининг чорак қисми аҳоли учун пасайтирилган тарифлар қўлланилиши сабабли иссиқлик таъминоти корхоналарининг зарарини қоплашга тўғри келади. 2024 йилда бунга 1,97 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган, бу 2023 йилга нисбатан 22,8%га (1,6 трлн сўм) кўп.

Тошкент шаҳри бюджетининг 2025 йилги умумий харажатлари 9,697 трлн сўм даражасида тахмин қилинмоқда. Харажатларнинг қарийб 28% иссиқлик таъминоти хизматлари учун пасайтирилган тарифлар қўлланилиши билан боғлиқ зарарларни қоплашга йўналтирилади (2,71 трлн сўм).

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Тошкентда иситиш тарифларини 2 марта ошириш режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу харажатларни қоплаш учун етарли эмаслигини, шу боис субсидиялар ажратилаётганини таъкидлади. У эскирган ва энергия сарфлайдиган ускуналар, ҳисоблагичларнинг йўқлиги билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратди.