
128,2 млн долларга қурилган Деҳқонобод калий заводи очиқ савдоларсиз хусусийлаштирилган. Бу завод акциядорларининг 2025 йил 8 август куни эълон қилинган қароридан келиб чиқади. Бунга «КорпИнфо» Telegram-канали эътибор қаратган.
Қарорда «Деҳқонобод калий заводи» устав капиталидаги акциялар ва ундаги 100% улуш Asian Chemical Group’га ўтгани айтилган. Завод қандай шартлар асосида хусусий қўлларга ўтгани маълум қилинмаган.
Президентнинг 2024 йил 26 апрелдаги қарорига мувофиқ, заводни халқаро бозорда очиқ савдолар орқали хусусийлаштириш режалаштирилган эди.
Акмалхон Ортиқов бошчилигидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА)га корхонани хусусийлаштириш жараёнини 2024 йил охиригача якунлаш топширилганди.
Деҳқонобод калий заводи устав капиталидаги акциялар (улушлар) пакетларини хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ишчи гуруҳи таркибига Давактив раҳбари Ортиқов, «Ўзкимёсаноат» раҳбари ва иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов кирган.
2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, заводнинг ўз капитали 2,9 трлн сўмни ташкил этган. Давлат активларини бошқариш агентлиги савдолар ва хусусийлаштириш натижалари ҳақида эълон қилмаган.
Актив ҳақида
Деҳқонобод калий заводи — Ўзбекистон кимё саноатининг йирик активларидан бири бўлиб, уни қуришга 128,2 млн доллар сарфланган.
Корхона калий хлориди, техник туз, суюқ парафин ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаради.
2024 йилда заводнинг соф фойдаси 44,8 млрд сўмни ташкил этиб, бу 2023 йилга нисбатан 2,5 баравар ортган.
Заводни 2023 йил 1 октябргача хусусийлаштириш режалаштирилган эди, бироқ минерал базани баҳолаш учун қолдирилган.
Кейинроқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ, мамлакатнинг суверен фонди) заводнинг 165,1 млн долларлик (ТТЖнинг 102,16 млн ва 61,99 млн долларлик кредитлари ва улар бўйича фоизлар) муаммоли қарзини сўндириш учун 1,9 трлн сўм йўналтиргани маълум бўлганди. Яъни, жамғарма ўз кредитини сўндириш учун завод акцияларини сотиб олган.
Янги эгаси ким?
Asian Chemical Group Ўзбекистонда 2024 йил 12 ноябрда рўйхатдан ўтказилган. Устав фонди 19,6 млн сўм. Асосий фаолият тури — азот сақловчи аралашмалар ишлаб чиқариш. Раҳбари Илгиз Валиуллин. Таъсисчилар сифатида OV Industrial Investments L.L.C-FZ (51%) ва New Industrial Technologies (49%) кўрсатилган.