Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун айланмадан олинадиган солиқ 2026 йилдан бошлаб 1%га тушади

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1% этиб белгиланади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда, агар календарь йилида товар ва хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 100 млн сўмдан ошса, якка тартибдаги тадбиркор айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ўтиши шарт. Солиқ ставкаси айланманинг 4%ни ташкил этади.

Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-коднинг мавжудлиги чакана савдо қоидаларининг мажбурий талабига айланади.

Интеграциялашган рақамли платформа орқали келиб тушадиган пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотлардан банклар кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилишда фойдаланадилар.

Президент Шавкат Мирзиёев тегишли таклифларни маъқуллади ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ушбу ҳужжат билан 2030 йил охиригача якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ягона рақамли платформага эга махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. У орқали улар ўз фаолиятини расмийлаштириши, ҳисобварақларни бошқариши, солиқларни тўлаши, чеклар шакллантириши ва электрон ҳамён очиши мумкин. Ҳужжатларни электрон калитсиз имзолаш мумкин бўлади.