
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 8 август куни ўтказилган йиғилишда абитуриентларга ўз баллари бўш қолган ўринларга мос келса, бошқа олий таълим муассасаларига қабул қилишга рухсат беришни таклиф қилди.
Жумладан, агар абитуриент ўзи танлаган 5 та олийгоҳдан бирига кира олмаса, лекин унинг баллари бошқа олийгоҳдаги бошқа мутахассислик бўйича бўш ўринларга мос келса, ректор уни шартнома асосида қабул қилиши мумкин бўлади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу чора давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасидаги рақобатни кучайтиради.
Ректорлар тайёрлаш ва академик мустақиллик
«Янги Ўзбекистон» университетида ректорлар мактаби орқали ректор ва проректор лавозимларига номзодларни мақсадли тайёрлаш бошланади. Курснинг энг яхши битирувчилари Гарвард университетида стажировка ўтайди.
Ректорларга кўплаб масалаларда мустақиллик бериш режалаштирилган. Биринчи навбатда, барча олийгоҳлар ташкилий ва академик жиҳатдан мустақил бўлади.
Ректорлар ўз ўринбосарларини мустақил равишда тайинлайди (амалдаги тартибга кўра, бу вазирлик билан келишилади). Бунда ҳар бир номзод ўзининг йиллик дастурини олийгоҳнинг илмий кенгашида ҳимоя қилади.
Улар тасдиқланган молиялаштириш ва штат жадвали доирасида профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимларни тақсимлаш, шунингдек, «супер-контракт» миқдорини белгилаш имкониятига эга бўлади.
Йиғилишда президент Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизими иқтисодиёт эҳтиёжларига жавоб бермаётганини таъкидлади. Саноатда 500 мингга яқин мутахассисга эҳтиёж сезилади, аммо бугунги кунда битирувчиларнинг ярмидан кўпи паст малакали лавозимларда ишламоқда. «Тармоқ – корхона – олийгоҳ» моделини жорий этишни тезлаштириш топширилди.
2025 йилда Ўзбекистонда давлат олийгоҳларига абитуриентлар сони 732 411 кишини ташкил этди – бу сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткичдир. Бу хусусий олийгоҳлар сонининг ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин: сўнгги йилларда олий таълим билан қамров 9%дан 42%га ошди.