
2025 йил охирига қадар Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги уй ва хонадонларда 50 мингга яқин «ақлли» совуқ сув ҳисоблагичлари ўрнатилади. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» матбуот котиби Равшан Ёқубжонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Лойиҳа тафсилотлари
Лойиҳа пойтахтнинг сув таъминоти тизимини трансформация қилиш бўйича 7 йиллик дастур доирасида Франциянинг Suez компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Қурилмаларни оммавий жорий этишдан аввал техник камчиликларни бартаараф этиш мақсадида Шайхонтоҳур туманидаги бир нечта уйларда синов тариқасида текширувлар ўтказилди. Синов 2 йил давом этди.
«Янгиҳаёт туманида «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатила бошланганига 10 кун бўлди. Йил охиригача бу туманда 50 мингта ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган», – деди Равшан Ёқубжонов.
Унинг сўзларига кўра, ҳисоблагичлар ўрнатилгандан сўнг аҳолидан кўрсаткичларни биллинг тизимига юбориш талаб қилинмайди. Бу «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонасига тўғри кўрсаткичлар билан маълумотлар базасини шакллантириш, етказиб берувчи ва абонентлар ўртасидаги тушунмовчиликларни бартараф этиш ҳамда тармоқларда сув таъминоти босимини тартибга солишни яхшилаш имконини беради.
5 йил ичида пойтахтдаги 670 мингта уйни ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Огоҳлантириш ва қўшимча ишлар
Компания аҳолини ҳисоблагич ўрнатиш муддатлари ҳақида маҳалла орқали хабардор қилишини маълум қилди. Бунда ҳеч қандай телефон қўнғироқлари ёки SMS-хабарлар юборилмайди, шунингдек, онлайн ариза ёки тасдиқлаш учун код киритиш талаб қилинмайди. Ташкилот бундай ҳаракатлар фирибгарлик уринишлари эканини таъкидлади.
«Ҳушёр бўлинг. Ҳеч кимга SMS-кодларни айтманг. Бундай ҳаракатлар банк картангиздаги маблағларни ўғирлашга қаратилган ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади», – дея огоҳлантирди **«Ўзсувтаъминот»**нинг пойтахт филиали.
Бундан ташқари, Тошкентга Тошкент вилоятининг 41 та маҳалласи қўшиб олинган бўлиб, уларни 2026 йил охиригача марказлашган сув таъминоти билан таъминлаш режалаштирилган.
Ҳозирда «ақлли» сув ҳисоблагичлари ўрнатилаётган «Гулзор» маҳалласида 11 км сув қувури тармоқлари ётқизилди. Ишлар якунлангач, 200 га яқин уй тизимга уланади, деди корхона вакили.
Барча ишлар тугагандан сўнг пойтахтдаги сув қувури тармоқларининг умумий узунлиги 4000 кмдан ошади.
Ҳисоблагичлар ва лойиҳа қиймати
Янги ҳисоблагичлар сув сарфи, сизиб чиқишлар, техник носозликлар ва ташқи аралашув уринишлари ҳақидаги маълумотларни реал вақтда узатиш имконини берувчи радиомодуллар билан жиҳозланган. Маълумотлар автоматик равишда биллинг тизимига келиб тушади, истеъмолчилар эса шахсий кабинетлари орқали сув сарфини онлайн кузатиб, мобил иловалар ёрдамида хизматлар учун тўловларни амалга оширишлари мумкин.
Улар «Технопарк» базасида ишлаб чиқарилмоқда, у ерда газ ҳисоблагичлари ҳам ишлаб чиқарилади.
Ўрнатиш ишлари истеъмолчилар учун бепул амалга оширилади – бу «Ўзсувтаъминот» маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ишлаб чиқарувчи 5 йиллик кафолат беради. Носозлик юзага келган тақдирда, таъмирлаш хизмат кўрсатиш шартларига кўра бепул амалга оширилади. Шартнома суммаси ва ҳисоблагичларнинг нархи ошкор қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ ва SUEZ International SAS (Франция) компанияси ўртасида 2020 йил 7 мартда «Тошкент шаҳри ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини трансформация қилиш» лойиҳаси бўйича 7 йил муддатга қўшма бошқарув шартномаси имзоланган. Унинг қиймати 218,8 млн еврога баҳоланган (Европа банкларининг кредит маблағлари – 154,5 млн евро, Ўзбекистон улуши – 64,3 млн евро).