Тошкент вилоятидаги «Уч қаҳрамон» бозорида ёнғин содир бўлди (видео)

2025 йил 11 августга ўтар кечаси «Уч қаҳрамон» бозорида ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ёнғин ҳақида хабар Тошкент вилояти ФВБга соат 02:22 да келиб тушган. Ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 2:29 да етиб борган. Ўт ўчиришга жами 10 та экипаж жалб қилинди.

Ёнғин соат 3:24 да локализация қилиниб, соат 4:46 да тўлиқ ўчирилди. Жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бозорнинг катта қисми ёнғиндан зарар кўрганини кўриш мумкин.

Мутахассислар ёнғин сабабларини аниқлаш ва етказилган зарар миқдорини баҳолаш ишларини давом эттирмоқда.