Украиналик чўкаётган қизни қутқаришга уринган ўзбекистонлик Болгарияда ҳалок бўлди

2025 йил 7 август куни Болгариянинг Созопол шаҳридаги Каваците пляжида чўкаётган украиналик қизни қутқаришга уринган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ж. М. ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марҳумнинг жасади 2025 йил 9 август куни кучли тўлқинлар билан олиб бориб ташланган йирик сувости тошлари остидан Болгария Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизматлари томонидан олиб чиқилди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Болгариядаги фахрий консулхона билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанга қайтариш чораларини кўрмоқда, дейилади хабарда.