
«Unitel» компанияси бир қатор тариф режаларида ойлик ва кунлик абонент тўловларини ечиб олиш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатмани бажарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси хабар берди.
Аввалроқ қўмитага Beeline ҳақида истеъмолчилардан тарифлар нархининг ошиши, қўшимча хизматларга ва пулли контент-сервисларига уланиш, тўлов билан боғлиқ муаммолар ҳамда хизмат кўрсатиш сифати бўйича шикоятлар келиб тушган эди. Жумладан, абонентлар ойлик абонент тўловини ечиб олиш учун ҳисобида етарли маблағ бўлмаганда, уларнинг розилигисиз автоматик равишда кунлик тариф режасига ўтказилишини билдиришган. Шунингдек, улар бу хизматни мустақил равишда ўчира ёки ёқа олишмаган.
Қўмита телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларига кўра, мобил хизматлар учун тарифлар абонентнинг аҳволини ёмонлаштирмаслиги ва истеъмолчи манфаатларига зид бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Кўрсатмага мувофиқ, Beeline кунлик абонент тўлови режимига ўтиш хизматини бошқариш имкониятини жорий этди ва бу ҳақда ўз сайтида маълум қилди. Бундан ташқари, ушбу хизматнинг мавжуд тариф режаларига уланган абонентларга хизматни бошқариш усуллари тушунтирилган SMS-хабарнома юборилди.
Кунлик абонент тўловини ўчириш бўйича бепул хизматдан қуйидаги усулларда фойдаланиш мумкин:
- USSD-код орқали;
- Hambi мобил иловаси орқали;
- компаниянинг алоқа маркази орқали;
- савдо офислари орқали.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш шартлари билан диққат билан танишиб чиқишни тавсия қилди.
Аввалроқ қўмита Ucell`ни оммавий оферта шартларини қонунларга мувофиқ қайта кўриб чиқишга мажбур қилган, Mobiuz мобил оператори эса қўмита кўрсатмасига биноан «Mazza!» тариф режасига уланиш шартларини ўзгартирган эди.