
Ўзбекистон ҳукумати дипфейклар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишни бошлади. Бу ҳақда ИИВ Криминологик тадқиқотлар институти бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев матбуот анжуманида маълум қилди.
Дипфейк – бу таниқли давлат арбоблари, ҳукумат вакиллари ёки машҳур шахсларнинг кўринишлари ва ҳатто овозларини сунъий интеллект ёрдамида тақлид қилишдир.
«Мутахассисларнинг етишмаслиги бу муаммо янада кенгроқ миқёсда эканини кўрсатмоқда. Биз бунга тайёр бўлишимиз керак. Бу борада Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритдик ва ҳукумат бу каби жиноятларнинг олдини олишга тайёргарлик кўришни бошлади. Мисол учун, ИИВ тизимида республикадан туман даражасигача кибертаҳдидларга қарши курашиш бўлинмалари ташкил этилган», – деди.
«Газета» мухбирининг дипфейк қурбони бўлиш эҳтимоли уни қўрқитяптими, деган саволига Бердиалиев ижобий жавоб берди.
«Ҳа, бу қўрқитади. Чунки ҳокимларимиз жуда кўп видеоселектор мажлислари ўтказади, биз ҳам ўтказамиз. Йиғилишларда берилган топшириқларни имитация қилиш орқали жиноятлар содир бўлиши мумкин. Шу боис бугун бу муаммони тезроқ ҳал қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда», – дея таъкидлади.
Аввалроқ ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нурудинов дипфейк қурбони бўлган эди. «Газета»га гўёки спортчи номидан унинг Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузгани ҳақида сохта видео келиб тушган. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бу маълумотни рад этган.
Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам дипфейк объектига айланган – Kun.uz учун берган интервьюси сохталаштирилиб, Ўзбекистон фуқароларини Россия армиясига қўшилишга чақириш сифатида фойдаланилган.
«Газета» ва бошқа ОАВлари айни шу мавзуда сиёсий ва жамоат арбоблари иштирокидаги жуда кўплаб сохта видеоларни олмоқда.