Андижонда омбудсман текширувидан сўнг вақтинча сақлаш изолятори бошлиғи ишдан бўшади

Андижон вилоятида Избоскан тумани Ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш изоляторининг 6 нафар ходимига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.

2025 йил март ойида ўтказилган мониторинг давомида санитария-гигиена ва моддий-техник таъминотда жиддий камчиликлар, канализация тизимидаги муаммолар ва айрим маҳбусларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари аниқланган.

Омбудсман аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича вилоят Ички ишлар бошқармасига тақдимнома киритди.

Мониторинг натижаларига кўра, 6 нафар ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланди. Натижада:

  • бир нафар ходим интизомий кенгаш муҳокамасига олиб чиқилди;
  • икки нафар ходимга огоҳлантириш эълон қилинди;
  • икки нафарига ҳайфсан берилди;
  • ВСИ раҳбари ўз хоҳишига кўра ички ишлар органларидан ишдан бўшатилди.

Камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар бошланган, уларнинг тўлиқ ҳал этилиши омбудсманнинг доимий назоратида бўлади, дейилади унинг офиси хабарида.