Тошкентда чиптасиз автобусда юрган 4000 дан ортиқ йўловчи жаримага тортилди

2025 йилнинг январидан буён Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 4090 нафар йўловчи маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қоидабузарлар Транспорт назорати инспекцияси ва Тошкент шаҳар жамоат транспорти мониторинги ва назорати бўйича давлат муассасаси томонидан ўтказилган кучайтирилган рейдлар чоғида аниқланган.

Жарималар 2025 йил 14 мартдан қўлланила бошланди. 1 апрелга қадар 56 киши жазоланган.

Жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-бандига (йўловчининг шаҳар ва шаҳар атрофига қатнайдиган троллейбус, трамвай, автобусда чиптасиз юриши) асосан қўлланилади. Жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми — 41,2 минг сўмни ташкил этади.

Бир марталик QR-чипта орқали йўлкирани тўлаган йўловчилар уни сафар охиригача сақлашлари ва назоратчи ҳамда инспекторлар талабига биноан кўрсатишлари шарт. Бундай текширувлар ҳар куни ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент автобусларида нақд пул билан тўлаш тақиқланган. Йўлкира ҳақини 10 дан ортиқ нақд пулсиз усуллар билан тўлаш мумкин: АTTO транспорт ва виртуал карталари, исталган банкнинг Uzcard ва Humo контактсиз карталари, халқаро карталар (Visa, MasterCard, UnionPay), шунингдек, Click, Uzum ва Plum тўлов иловалари орқали.

Нақд пул фақат нархи 3000 сўм бўлган бир марталик QR-чипталарни сотиб олишда қабул қилинади. Уларни Paynet, Oson ва Multipay компанияларининг инфокиосклари ҳамда Paynet’нинг офлайн нуқталаридан харид қилиш мумкин. Нақд пулсиз тўловда йўл ҳақи 1700 сўмни ташкил этади.

ATTO тизимида тасдиқланган QR-чипталар йўловчиларнинг ҳақиқий сонини ҳисобга олиш имконини беради. Янги тизим жорий этилгандан сўнг 2025 йил январь ойида ташилган йўловчилар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 30−40%га ошди.