
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари 21 кун давом этган «Тиғ» рейди давомида кўчалар ва жамоат жойларида ёнида совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган буюмлар бўлган 1631 нафар шахсни аниқлади, дея хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
Рейд 2025 йил июль ойида ўтказилган. Ушбу шахслардан жами 1715 та буюм, жумладан, 1614 та пичоқ, 17 та кастет, 19 та бейсбол битаси, 7 та пневматик қурол, 2 та электрошокер ва 56 та бошқа турдаги буюмлар олиб қўйилган.
«Фуқароларда аниқланган ва олиб қўйилган буюмларнинг характери кўплаб потенциал жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинганидан далолат беради», — дея қайд этди ИИББ.
Идора совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган буюмларни ноқонуний равишда олиб юриш БҲМнинг 1 дан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа жавобгарлик чораларини қўллашга сабаб бўлишини эслатди.