
Бухоро вилояти Экология бошқармасининг етти нафар инспектори табиатни муҳофаза қилишдаги жасорати ва садоқати учун «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Тақдирлаш маросими 2025 йил 2 август куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди.
Мукофотлар бошқарма бошлиғи Ж.Тошев бошчилигидаги инспекциянинг 7 нафар ходими — А.Қурбонов, Б.Рўзиев, Ж.Ёдгоров, Ф.Муродов, Н.Муҳаммадиев ва О.Хесеновга топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 15 июль куни инспекторлар Пешкўн туманидаги «Сафрон» чўл ҳудудида саксовулнинг ноқонуний кесилиши ва сотилишига чек қўйиш мақсадида рейд ўтказган эди. Операция давомида улар қоидабузарлар томонидан қаттиқ қаршиликка дуч келган: ҳужумчилар фаол қаршилик кўрсатиб, инспекторларга тан жароҳати етказган.
«Инспекторлар ўз ҳаётига хавф туғилганига қарамай, ортга чекинмадилар ва жойида қатъий чоралар кўриб, ноқонуний фаолиятга чек қўйдилар… Экология вазирлиги тақдирланганларга касбига бўлган садоқати, хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги жасорати ва масъулияти учун миннатдорчилик билдиради», — дейилади хабарда.