
Тошкент вилояти ҳокимлиги Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan курорт мажмуаси қурилиши лойиҳасига изоҳ берди.
Вилоят маъмурияти маълумотларига кўра, туман Ўзбекистоннинг энг истиқболли сайёҳлик зоналаридан бири бўлиб қолмоқда. 2024 йилда бу ерга 12 миллиондан ортиқ сайёҳ келган, улардан қарийб 300 мингтаси хорижликлардир.
«Бу кўрсаткич туманнинг меҳмонларни қабул қилиш бўйича мавжуд имкониятларидан 4 баравар кўпдир. Сайёҳлар оқимининг ўсиши ва меҳмонхоналар ҳамда дам олиш масканларининг етишмаслиги қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда», — дейилади хабарда.
2024 йилда Бўстонлиқ туманида туристик хизматлар экспорти ҳажми 325 миллион долларни ташкил этди. Июль ойига қадар туманга 230 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Ҳокимликнинг таъкидлашича, ўсиш драйвери сифатида туризмни ривожлантириш Тошкент вилоятининг устувор ривожланиш нуқталаридан биридир.
Sea Breeze 577 гектар ва унга туташ 3000 гектар майдонда «кенг кўламли ишлар»ни амалга оширишни назарда тутади (аввалроқ туташ ҳудудларда режалаштирилган ишлар ҳақида хабар берилмаган эди). Лойиҳа дам олиш масканлари, чўмилиш ҳавзалари, спорт майдончалари, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, шунингдек, халқаро фестиваллар, концертлар ва форумлар ўтказиш учун майдончалар қурилишини ўз ичига олади. Шунингдек, Чорвоқнинг икки қирғоғини боғловчи кўприк қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши 10 мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш, йиллик туристик хизматлар экспортини 500 миллион долларга етказиш ва йилига 5 миллион нафаргача хорижий сайёҳларни жалб қилиш имконини бериши кутилмоқда.
Ҳокимлик маҳаллий аҳоли олдида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш учун қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олишини маълум қилди.
«Қурилишнинг барча босқичлари экология, санитария, кадастр ва қурилиш соҳаларидаги вилоят тузилмаларининг тизимли назорати остида бўлади. Ер участкаларини ажратиш, ижарага бериш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тасдиқланган бош режа асосида, экологик талабларга риоя қилган ҳолда ва очиқ мониторинг шароитида амалга оширилади», — дейилади вилоят маъмурияти хабарида.
Ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда компенсация тўланади, дейилади хабарда.
Ҳокимлик, шунингдек, қонун бузилиши, атроф-муҳитга зарар етказилган ёки жамоат манфаатларига зид бўлган ҳар қандай уринишлар аниқланган ҳолатларда қатъий чоралар кўришни ваъда қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 август куни Ўзбекистон ҳукумати Чорвоқ сув омбори қирғоғида Sea Breeze Uzbekistan курортини яратиш чора-тадбирларини тасдиқлади. Инвестор 577 гектар ерни 25 йилга арзонлаштирилган нархда ижарага олади ва ҳужжатларни тайёрлаш билан бир вақтда қурилиш ишларини олиб бориши мумкин. Шунингдек, дарахтларни компенсациясиз кўчириш ҳам назарда тутилган.
Бош режани тезкорлик билан ишлаб чиқиш учун Британиянинг Scott Brownrigg архитектура компанияси жалб қилинган.
2025 йил 4 август куни Sea Breeze Uzbekistan компанияси Ўзбекистонда қўшма корхона шаклида рўйхатдан ўтди. ҚКнинг таъсисчилари Agalarov Development ва Улуғбек Маҳмудов.

