Ўтган июль Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги энг иссиқ ойлардан бири бўлди — Ўзгидромет

2025 йил июль ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1-3 даража юқори бўлди. Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида бу ой энг иссиқ июль ойлари учлигига кирди, қатор туманларда эса кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлди, дейилади Ўзгидромет шарҳида.

Деярли бутун ой давомида ҳаво ҳарорати ҳамма жойда иқлимий меъёрдан юқори бўлди. Кундузи ҳаво +38…+41 даражагача, энг иссиқ кунларда эса +42…+44 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида +45…+48 даражагача қизди.

Ҳарорат шароити бўйича энг қулай даврлар иккинчи ўн кунлик бошида ва ой охиридаги қисқа муддатлар бўлди. Кундузи ҳаво ҳарорати +32…+36 даражадан ошмади.

2025 йил июль ойида ҳаво ҳарорати +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони кўп йиллик даврдаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада кўп бўлди. Энг кўп кунлар Ўзбекистон жанубидаги айрим туманларда кузатилди — 18 дан 24 кунгача.

Тошкентда 2025 йил июль +40 даража ва ундан юқори ҳаво ҳарорати кузатилган кунлар сони бўйича (11 кун) 2018 ва 2022 йилги июль ойлари билан иккинчи ўринни бўлишиб олди.

Айрим туманларда +40 даража ва ундан юқори ҳаво ҳарорати кузатилган кунлар сони метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди: Навоийда — 17 кун, Фарғонада — 7 кун.

Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида июль ойида ёмғир умуман ёғмади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ва Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида 1-2 марта қисқа муддатли ёмғир ёғиши кузатилди. Бунда бир суткада ёққан ёғингарчилик миқдори 8-13 мм га етди.

«Қуруқ июль ойи Ўзбекистон ҳудуди учун одатий ҳолдир. Шунга қарамай, бу йил у кетма-кет тўртинчи ой бўлди (2025 йил апрелидан бошлаб), унда ёғингарчилик етишмади», — дейилади шарҳда.

2025 йил июнь ойида ҳам Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-2 даража юқори бўлган эди. Марказий ва шарқий ҳудудларда бу ой тарихдаги энг илиқ июнь ойлари бешталигига кирган. У ҳам июль ойи каби ўта қуруқ ой бўлди.