Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 07/08/2025

Тошкентда пуллик автотураргоҳлар тизими қандай жорий этилмоқда?

2025 йил 8 майдан бошлаб Тошкентда пуллик автотураргоҳлар тизими ишга туширилди. Ушбу тизимни жорий этиш ва бошқаришга «Streetpark Systems» оператори масъул этиб белгиланди. Тизим ишга тушганидан 2 ой ўтгач, «Газета» нашри унинг қандай жорий этилаётгани, ҳайдовчилар бу янгиликка қандай муносабат билдираётгани ва компаниянинг келгуси режаларини билишга қарор қилди. Таҳририят саволларига «Streetpark Systems» операцион директори Жамолиддин Қудратов жавоб берди.

— Нима учун Тошкентда пуллик автотураргоҳлар тизими жорий этилди?

— Агар масалага глобал нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, пуллик автотураргоҳлар ҳар қандай замонавий мегаполиснинг (Олмота, Остона, Москва, Нью-Йорк, Сан-Франциско) барқарор ривожланишининг ажралмас қисмидир. Шаҳар биринчи навбатда одамлар яшаши учун қулай муҳит бўлиши керак.

Бугунги кунда шаҳарни жамоат, такси ва шахсий транспорт воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Одамлар учун, айниқса, ёзнинг жазирама кунларида қулай ва эркин ҳаракатланиш жуда муҳим. Аммо бу ерда автотураргоҳлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммо келиб чиқади.

Статистик маълумотларга кўра, автомобиль вақтнинг 95% шунчаки турибди ва бор-йўғи 5%да ўз мақсади бўйича фойдаланилади. Энди тасаввур қилинг: ҳар бир машина учун ўртача 4 та автотураргоҳ жойи керак бўлади. Биттаси — уй ёки иш жойи ёнида, яна бир нечтаси — одам борадиган жойларда: дўкон, кафе, меҳмондорчиликда. Бу шаҳар маконига жиддий босим ўтказади. Демак, битта машина биз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ жой талаб қилади.

Пуллик автотураргоҳ — бу тартиб ўрнатиш усули. Агар ҳамма нарса бепул қолса, тартибсизлик юзага келади: машиналар 3 қатор бўлиб туради, кўчалар тирбанд бўлади. Яқинда ўзим гувоҳ бўлдим: ҳайдовчи шунчаки авария чироқларини ёқиб, машинасини светофор ёнидаги бурилишда қолдириб кетди. Шу сабабли тизимли ёндашув керак.

— Нега ҳайдовчи автотураргоҳ учун пул тўлаши керак?

— Келинг, бунга иқтисодий нуқтаи назардан қараб, ўйлаб кўрамиз: биз ҳозир қаерда машина қўймоқдамиз? Йўл бўйларида, йўл четларида, ҳовлиларда. Машина ювилгандан кейин ҳамма уни тоза, асфальтланган жойга қўйишга ҳаракат қилади. Хўш, бу ҳудудни ким асфальт қилди? Агар бу йўлнинг бир қисми бўлса, демак, уни йўл қурилиш ташкилотлари, эҳтимол, шаҳар бюджети ҳисобидан қурган. Бюджет эса — солиқ тўловчиларнинг пули, улар орасида ҳамма ҳам автомобил эгаси эмас. Аслида, ҳатто бепул автотураргоҳлар ҳам бепул эмас. Кимдир улар учун барибир пул тўлаган.

Автомобилчиларнинг позицияси тушунарли — улар деярли ҳар доим пуллик автотураргоҳларга қарши бўлади. Баъзи мамлакатларда пуллик автотураргоҳни адолатсиз деб ҳисоблайдиган фаол жамоалар мавжуд ва бу нормал ҳолат. Аммо автомобилчилар — шаҳар аҳолисининг бир қисми холос. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Биз имкон қадар кўпроқ одамлар буни муаммо эмас, балки янги ечим сифатида қабул қилишини истаймиз. Бу — янги шаҳар амалиёти.

Пуллик автотураргоҳларни жорий этиш шаҳарнинг барқарор ривожланиши каби кенгроқ мавзу билан боғлиқ. Ривожланган шаҳарлар нима дейди? Машинага эга бўлишни истайсизми — марҳамат, аммо ёдда тутинг: бу қиммат. Машина қўйишни истайсизми — пуллик жойга қўйинг. Бунда мақсад пул ишлаш эмас, балки автотураргоҳ жойларининг мавжудлигини таъминлашдир.

Шаҳар шундай дейди: автотураргоҳлар тахминан 80% банд бўлиши керак. Агар бу кўрсаткич юқори бўлса (90-95%), нархни ошириш вақти келган. Агар паст бўлса, нархлар туширилади. Бу — динамик тартибга солиш. Масалан, ҳозир автотураргоҳ нархи 3 доллар бўлиши мумкин, бир соатдан кейин — 5. Ҳаммаси бандлик даражасига боғлиқ. Бу ҳайдовчиларни бўшроқ кўчаларни излашга ундайди ва марказни тирбандликдан халос қилади. Шу тариқа шаҳарлар ўз маконини оқилона бошқаради. Операторни ёллашади, у технологиялардан фойдаланиб, бандликни кузатиб боради ва нархларни тартибга солади: жойлар кўп бўлган жойда — арзонроқ, жуда банд бўлган жойда — қимматроқ. Бу келажак. Тошкент ҳам бу йўлдан ўтиши керак. Биз шу томонга қараб ҳаракатланмоқдамиз.

— Демак, тариф режалари мослашувчан бўладими?

— Улар мослашувчан бўлиши керак — ҳеч бўлмаганда, бизнинг қарашимизча шундай. Шуни тушуниш муҳимки, нархларни биз эмас, балки шаҳар белгилайди. У аллақачон дифференциялашган ёндашувни жорий этган. Тарифлар ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятига қараб, 5 та зонага бўлинган. Бу қарор солиқ идораларидан олинган мавжуд маълумотларга асосланиб қабул қилинган. Энг юқори тариф — 12 минг сўм бўлиб, у шаҳарнинг марказий қисмида амал қилади. Энг пасти — 5000 сўм.

— Шаҳарда турли тоифадаги автотураргоҳлар аллақачон ишламоқдами?

— Биз энг юқори тоифадан — яъни, марказдан бошладик, у ерда максимал 12 минг сўмлик ставка белгиланган. Глинка ва Братислава кўчаларида эса 10 минг сўмлик тариф қўлланилади.

Турли тоифаларни жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Биз марказдан бошладик, чунки энг кескин вазият, ҳақиқий тартибсизлик, тирбандлик, машиналар зичлиги, яшил майдонларнинг йўқлиги айнан ўша ерда. Пиёдалар йўлаклари, том маънода, эгаллаб олинган. Қаердадир яшил майдон ўрнига дўкон қурилган, қаердадир пиёдалар йўлаги ўзбошимчалик билан кенгайтирилиб, автотураргоҳга айлантирилган. Натижада — на яшил майдон бор, на йўлак.

Машиналар пиёдалар йўлакларига қўйилмоқда, улар ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда. Бизда автомобиль одамдан муҳимроқ деган тасаввур пайдо бўлмоқда ва бу катта муаммо. Пуллик автотураргоҳ — бу вақт ўтиши билан мавжуд вазиятга таъсир кўрсата оладиган ва нормал шаҳар муҳитини яратадиган воситалардан биридир.

— Ҳозирда нечта кўча уланган ва нечта автотураргоҳ жойи ишламоқда? Қанча инспектор ишлайди?

— Ҳозирги вақтда тизимга 18 та марказий кўча жалб этилган бўлиб, уларда 2662 дан ортиқ автотураргоҳ жойи ташкил қилинган. Жойларда 20 нафар инспектор ишламоқда. Улар автотураргоҳ қоидаларига риоя этилиши ва тўловларни назорат қилади.

Бизнинг қурилиш ва монтаж захирамиз барча турдаги йўл ишларини бажариш учун зарур бўлган техника билан тўлиқ жиҳозланган: асфальт қопламасини тиклашдан тортиб, белгиларни чизиш ва янгилашгача.

— Google Play ва App Store’да сизнинг Poytaxt Parking иловангизга нисбатан жуда кўп салбий изоҳлар мавжуд.

— Фикрлар турлича ва бу нормал ҳолат. Илова — жонли маҳсулот, биз уни доимий равишда такомиллаштириб борамиз. Ҳозирда техник қисмда — хатоларни бартараф этиш, барқарорликни ошириш, шунингдек, фойдаланиш қулайлиги устида ишланмоқда.

Ўзбекистонда бундай тажриба илгари бўлмаган, ҳаммаси биринчи марта ишга туширилмоқда ва биз ҳам ҳамма каби ўз хатоларимиздан ўрганмоқдамиз. Бизда фойдаланувчиларнинг фикрларини ҳар куни кузатиб борадиган ишлаб чиқувчилар жамоаси бор. Шикоят ва таклифларни қайд этиб, уларни тоифаларга ажратамиз ва ривожланиш йўл харитасига киритамиз.

— Илованинг ҳозирги устувор йўналишлари нималардан иборат?

— Асосий устувор йўналиш — бу тўлов қулайлиги. Кўпчилик фойдаланувчилар нақд пулсиз тўлов усуллари кўпроқ бўлишини исташаётганини ёзишмоқда. Ҳозирда биз тўлов сервислари сонини кенгайтириш устида фаол ишлаяпмиз.

Бошқа бир устувор йўналиш — хавфсизлик. Биз киберхавфсизлик ва тизимнинг барқарорлигига эътибор қаратмоқдамиз.

— Оммавий офертада оператор ўз назоратидан ташқаридаги носозликлар туфайли фойдаланувчига етказилган зарар учун жавобгар эмаслиги ҳақида банд бор. Аксинча вазиятда нима қилиш керак? Масалан, одам автотураргоҳ учун пул тўлади, лекин тизимда узилиш бўлиб, тўлов ўтмади. Ёки, дейлик, инспекторнинг тизимида тўлов амалга оширилгани кўринмади.

— Оферта амалдаги қонунчилик асосида бизнинг юристларимиз томонидан тузилган. Биз у ерда бир томонлама, ноқулай ёки фойдаланувчилар ҳуқуқларини бузадиган ҳеч қандай ҳолат йўқлигига ишонамиз. Шу билан бирга, қонунчилик каби бу ҳужжат ҳам ривожланиб боради. Пуллик автотураргоҳларнинг пайдо бўлиши Ўзбекистон учун янги амалиётдир ва вақт ўтиши билан норматив-ҳуқуқий базага тузатишлар киритилади.

Ҳозирча, одам пул тўлаган, лекин тизимда тўлов ўтмаган ёки фаол автотураргоҳ сессияси бўлган ҳолда жарима келган ҳолатлар қайд этилмаган. Биз буни кузатиб борамиз.

Амалиётда техник носозликлар кўпинча тизимнинг ўзи билан эмас, балки фойдаланувчиларнинг қурилмалари билан боғлиқ бўлади. Масалан, телефон ҳаддан ташқари юкланган, хотира етарли эмас, эски модель ёки интернет алоқасида муаммо бор. Баъзан илова «қотади», лекин бу айнан қурилма билан боғлиқ.

Биз буни инобатга олган ҳолда, биринчидан, техник хавфларни камайтиришга, иккинчидан, иловани доимий равишда такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Бизнинг жамоамиз носозликлар эҳтимолини камайтириш ва барқарорликни ошириш учун уни турли хил қурилмаларга мослаштирмоқда. Муаммо бизнинг масъулиятимиз доирасидан ташқарида бўлган ҳолларда — масалан, фойдаланувчининг телефонида — биз буни тўғридан-тўғри назорат қила олмаймиз. Айнан шу сабабли бундай банд офертага киритилган.

— Пуллик автотураргоҳлар ишга туширилган пайтдаги тақдимотда сиз резидент тарифлари ҳақида гапирган эдингиз. Улар аллақачон ишлаб чиқилдими?

— Ҳозирча йўқ, лекин биз бу устида фаол ишламоқдамиз. Дунёнинг кўплаб шаҳарларида резидент тарифлари аллақачон меъёр ҳисобланади. Улар асосий вазифалардан бирини — кўп қаватли уйларда яшовчилар учун ўз уйи ёнида ортиқча ҳаракатлар ва жарималарсиз машина қўйиш имкониятини беради.

Ҳозир шаҳар ривожланмоқда, машиналар сони ўсиб бормоқда, шу билан бирга ҳовлидаги жой чекланган. Кўп оилаларда битта эмас, иккита машина бор. Бундай шароитларда айнан резидентлар учун қулай автотураргоҳ ечимларини таъминлаш муҳимдир. Шунинг учун биз оператор сифатида ҳокимлик ва ҳуқуқий ҳамкорларимиз билан биргаликда аҳоли учун вақтинчалик бепул зоналарни ажратиш имконини берадиган меъёрларни ишлаб чиқмоқдамиз.

Масалан, Цюрихда (Швейцария) кўп қаватли уйлар олдида резидентлар учун махсус белгиланган ҳудудларда автотураргоҳ бепул. Венада (Австрия) эса айрим туманларда соат 22:00 дан 09:00 гача тўловсиз машина қўйиш мумкин. Аниқ параметрлар шаҳар сиёсати ва кўча турига боғлиқ: қаердадир бу турар-жой мавзеси, қаердадир эса унинг ёнида ресторанлар, дўконлар ва ҳоказо жойлашган.

Ўзбекистонда ҳам қонунчилик даражасида ўзгаришлар, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тузатишлар киритиш режалаштирилмоқда. Бу резидент тарифлари масаласини тартибга солиш имконини берадиган комплекс ёндашув бўлади.

Тасаввур қилинг, бундай мақом аллақачон жорий этилган: сиз кўп қаватли уйда яшовчи резидентсиз ва машинаингизни уйингиз ёнига қўясиз. Аммо бир неча кундан кейин мен ҳам кўчанинг нариги томонида яшасам-да, машинамни ўша жойда қолдираётганимни пайқайсиз. Қонун сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш механизмини ва инсофсиз ҳайдовчиларга нисбатан таъсир чораларини назарда тутиши керак. Резидентларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашдан ташқари, мажбуриятлар, назорат механизмлари, ҳимоя воситалари, санкцияларни ҳам белгилаш талаб этилади. Буларнинг барчаси вақт ва пухта ўрганишни талаб қилади.

Турар-жой мавзелари яқинидаги кўчаларда автотураргоҳ жойларидан самарали фойдаланишни тартибга солувчи қонунчилик базасини яратиш ҳовлилардаги вазиятга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Резидентлар тунда йўл бўйларига бепул тўхташи мумкин бўлади, норезидентлар эса фақат пуллик асосда. Бу, ўз навбатида, аҳоли учун автотураргоҳга бўш жой топишни осонлаштиради.

— Демак, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида пуллик автотураргоҳлар пайдо бўлмайди, резидент мақоми фақат яқин атрофдаги кўчаларга тааллуқли бўладими? Ҳовлиларда автотураргоҳ бепул бўлиб қоладими?

— Биз фақат кўчаларда, яъни, қатнов қисмида пуллик автотураргоҳ жойларини ташкил этиш ва бошқариш билан шуғулланамиз. Ҳовлилардаги автотураргоҳлар ҳеч қандай янги қоидалар ёки ўзгаришларсиз олдингидек қолади.

— Илтимос, ҳайдовчилар бу янгиликни қандай қабул қилгани ҳақида гапириб беринг. Автотураргоҳ учун неча фоизи пул тўлайди, неча фоизи эътиборсиз қолдиради?

— Аниқ қанча одам тўлаётганини айтиш ҳозирча қийин — лойиҳа эндигина ривожланмоқда, кўчалар босқичма-босқич уланмоқда. «Тўлашадими?» деган саволга ижобий жавоб бера оламан — ҳа, тўлашади. Биз ҳар куни ҳайдовчилар билан мулоқот қиладиган инспекторлардан ва кичик сўровномалар ўтказадиган маркетинг жамоамиздан қайта алоқа олмоқдамиз. Албатта, улар бутун манзарани қамраб олмайди, лекин умумий кайфиятни тушунишга ёрдам беради.

Баъзи ҳайдовчилар тўғридан-тўғри: «Яхшиямки, пуллик қилишди — илгари умуман машина қўйиб бўлмасди», дейишмоқда. Танқидлар ҳам бор. Масалан, бир талаба университет ёнида автотураргоҳ учун 12 минг сўм тўлашни хоҳламаслигидан шикоят қилди. Умуман олганда, бошқа мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, аксарият ҳайдовчилар дастлаб бунга қарши бўлади. Бу тушунарли: жамиятда автотураргоҳ бепул бўлиши керак деган фикр мустаҳкам ўрнашган.

Ҳозирда пуллик автотураргоҳлардан тушадиган барча тушумларнинг 60% дан ортиғи ҳокимлик бюджетига йўналтирилмоқда. Бу пуллар шаҳарни ривожлантириш учун: жамоат транспорти, яшил ҳудудлар, пиёдалар йўлакларига сарфланади. Қолган қисми эса операцион харажатларга: кўчаларни тайёрлаш, бордюрларни ўрнатиш, чизиқларни янгилаш, эски қурилмаларни демонтаж қилиш, тизимга техник хизмат кўрсатишга кетади. Харажатларнинг сезиларли қисми компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. Бу бюджет пули эмас, балки хусусий инвестициялардир.

Қолаверса, компания сифатида биз ҳозирда зарарга ишламоқдамиз. Фақат сармоя киритмоқдамиз. Шунинг учун ҳам лойиҳа танлов асосида амалга оширилмоқда: биринчи йилларда харажатларни ўз зиммасига олишга тайёр инвестор керак эди. Биз бу харажатларни ўз зиммамизга олмоқдамиз. Пуллик кўчаларда оператор ҳамма нарса учун: тозалик, тартиб, чизиқларни янгилаш ва техник хизмат кўрсатиш учун жавобгардир.

Шуни тушуниш муҳимки, пуллик автотураргоҳнинг мақсади пул йиғиш эмас, балки кўчаларнинг тирбандлиги, тартибсизлик ва шаҳар маконидан самарасиз фойдаланиш муаммосини ҳал қилишдир. Ҳайдовчилардан тушаётган маблағлар шаҳарга янги автобуслар, яшил хиёбонлар, ёритилган ва хавфсиз пиёдалар йўлаклари кўринишида қайтмоқда.

Бизнинг ўзимиз ҳам машина ҳайдаймиз, ходимларимизнинг ҳам автомобиллари бор, шу боис бу қандай қабул қилинишини тушунамиз. Шу билан бирга, биз шаҳар, аввало, одамлар учун, кейингина машиналар учун бўлиши керак, деган фикрга қўшиламиз.

Агар фақат кўпроқ автотураргоҳлар — бир ёки кўп қаватли — қурадиган бўлсак, муаммо ҳал бўлмайди. Бу — ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл. Бундай стратегия бошқа мамлакатларда ўз самарасизлигини аллақачон исботлаган. Шу сабабли ёндашув ўзгармоқда. Биз қилаётган ишлар узоқ муддатда барча шаҳар аҳолисига фойда келтиради.

— Коллегам хиёбон ёнида машина қолдирганида у ерда камералар йўқ эди, деди. Сизларда камералар ҳамма жойга ўрнатилмаганми?

— Ҳозирча камералар ҳамма жойга ўрнатилмаган. Видеокузатув босқичма-босқич жорий этилмоқда. Камералар нафақат тўловни назорат қилиш учун, балки низоли вазиятларда ёзувни кўтариш, ким қандай машина қўйгани, қоидабузарликлар бор-йўқлигини текшириш учун ҳам «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида керак. Бу ҳам биз учун, оператор сифатида, ҳам шаҳар хизматлари учун, ҳам ҳайдовчиларнинг ўзи учун — ҳаммаси шаффоф бўлиши учун муҳим.

Камералардан ташқари, бошқа технологияларни ҳам жорий этиш режалаштирилган. Масалан, бўш автотураргоҳ жойлари сонини реал вақт режимида кўрсатадиган датчиклар. Ҳозирча бизда бу тизим йўқ, лекин у ҳам режада.

— Демак, ҳар бир автотураргоҳ жойида датчик бўладими?

— Айнан шундай. Бу бошқа баъзи мамлакатларда аллақачон амалга оширилган: ҳар бир автотураргоҳ жойига автомобиль оғирлигига таъсирчан датчик ўрнатилган. Агар жойга транспорт воситаси кирса, датчик унинг банд эканлигини қайд этади. Кейин тизим автоматик равишда тўлов амалга оширилган-қилинмаганини текширади. Агар тўлов бўлмаса, маълумот инспекторларга юборилади.

Бу тизим аллақачон жорий этилган мамлакатларда оператор ходимлари жарима солиш учун маълумотларни юбориш ваколатига эга. Буларнинг барчаси аниқ ҳуқуқий тизим доирасида ишлайди. Бизда ҳозирча бундай амалиёт йўқ — биз энди йўлга чиқдик, аммо бу тажрибани ўрганмоқдамиз ва шу йўналишда ҳаракатланмоқдамиз.

Тизим аллақачон йўлга қўйилган жойларда динамик нарх белгилаш ҳам ишлайди: тарифлар сутка вақти, бандлик ва бошқа омилларга қараб ўзгаради. Бундай шаҳарларда инспекторлар пуллик автотураргоҳ нима учун кераклигини тушунтирмайди — бу аллақачон норма сифатида қабул қилинади. Уларнинг вазифаси — шунчаки қоидабузарликларни қайд этиш. У ерда жарималар сезиларли бўлгани сабабли, ҳайдовчи учун таваккал қилгандан кўра, тўловни дарҳол амалга ошириш фойдалироқдир.

— Неча дақиқа бепул туриш мумкин?

— 10 дақиқа бепул туриш имконияти мавжуд. Бу вақт давомида ҳайдовчи автотураргоҳ учун пул тўлаши ёки жойни тарк этиши керак.

— Автотураргоҳ учун тўлов қандай амалга оширилади?

— Ҳозирда фақат олдиндан тўлов тизимидан фойдаланилмоқда. Яъни, фойдаланувчининг ўзи олдиндан вақтни — масалан, бир ёки икки соатни кўрсатади ва тўлайди. Амалиётда кўпинча бир соат учун тўланади, айниқса, иловадан биринчи марта фойдаланаётганлар шундай қилади. Бу, ҳамма ҳам агар эртароқ кетилса, қолган маблағ ҳақиқатан ҳам қайтарилишига дарҳол ишонмаслиги билан боғлиқ. Лекин тизимдан фойдаланиб, пул қайтарилишига ишонч ҳосил қилганлар кейинчалик бемалол ишлатаверади.

Сессияни узайтириш ҳам мумкин. Масалан, агар кечикишингизни билсангиз, иловага кириб, қўшимча тўлов қилишингиз мумкин — сеанс узаяди. Ҳозирда биз ҳамкорлар билан тўловни янада мослашувчан қилиш имкониятини муҳокама қилмоқдамиз — масалан, картани боғлаш ва сессияни автоматик равишда узайтириш ёки кейинчалик тўлов қилиш тизимига ўтиш.

Айтганча, иловада нафақат ўзингиз учун, балки қариндошларингизнинг транспорти учун ҳам тўлов қилиш мумкин. Бунинг учун шахсий кабинетга автомобиль рақамини қўшиш кифоя.

— Жойларга банкоматлар ёки тўлов терминаллари ўрнатишни режалаштиряпсизларми?

— Paynet инфокиосклари аллақачон ишламоқда. Нақд пул билан тўлашга талаб минимал даражада. Фойдаланувчиларнинг аксарияти тўлов сервислари ва банкларнинг мобил иловалари орқали нақд пулсиз тўловни афзал кўради. Кўпчиликнинг карталари аллақачон боғланган, бу қулай.

Бизнинг IT-жамоамиз нақд пулсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш устида ишламоқда, чунки асосий талаб айнан шунга. Агар биз нақд пул билан тўлашга бўлган талаб ошаётганини кўрсак, қўшимча нуқталар ўрнатиш имкониятини кўриб чиқамиз. Ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ.

— Фойдаланувчи автотураргоҳ учун тўланган вақт тугаётганини айнан қандай билиб олади?

— Тўлов муддати тугашига 15 дақиқа қолганида илова пуш-хабарнома юборади. Шунингдек, СМС орқали ҳам эслатма келади: ё сессияни узайтиринг, ёки автомобилни олиб кетинг. Бундан ташқари, иловада доим қанча вақт қолганини кўриш мумкин. Агар тўлов муддати тугаса ва ҳайдовчи сессияни узайтирмаса, у қоидабузарга айланади — бу ҳам тизимда, ҳам инспекторларда кўринади.

— Ҳар бир тугалланган автотураргоҳ сессиясидан кейин чек бериладими?

— Биз фискаллаштиришни амалга оширмаймиз — бу тўлов сервисларининг вазифаси. Масалан, агар сиз иловадаги ҳисобингизни тўлдирсангиз, фискал чекни ўша ердан юклаб олишингиз мумкин. Маблағлар аввал бизнинг тизимимиздаги виртуал ҳамёнга тушади ва айнан ундан автотураргоҳда бўлган ҳақиқий вақт учун ечиб олинади.

Агар сиз 12 000 сўмлик тарифда 2 соатга машина қўймоқчи бўлсангиз, ҳамёнга шу суммани киритасиз. Агар якунда автотураргоҳда, дейлик, 20 дақиқа турган бўлсангиз, ҳақиқий вақт учун 4 000 сўм ечиб олинади. Қолган 8 000 сўм ҳамёнингизда қолади ва кейинги сафар фойдаланишингиз мумкин.

Ҳисобдаги маблағни иловада доим кўриб туриш мумкин. Агар етишмаса, тўлдирасиз. Бутун тизим олдиндан тўлов тамойили бўйича ишлайди, лекин фақат ҳақиқатда фойдаланилган вақт учун ечиб олинади.

— Ҳайдовчилар автотураргоҳ учун тўлов қилмагани учун жарима солиниб, улар буни эътиборсиз қолдирган ҳолатлар бўладими?

— Оператор жарималар билан шуғулланмайди. Бизнинг инспекторлик хизматимиз, асосан, ахборот-тавсия ишларини бажаради. Содда қилиб айтганда, биз ҳайдовчиларга қоидалар ҳақида хабар берамиз ва автотураргоҳ пуллик эканлигини эслатиб қўямиз.

Аксарият ҳолларда ҳайдовчилар бунга тўғри муносабат билдиради. Қолаверса, кўпчилик автотураргоҳдан эртароқ чиқиб кетилса, пул қайтарилишини билиб ҳайрон бўлади. Айтганча, бу тизимнинг устунлигини кўрсатувчи кучли далил: бу инспекторларга ҳайдовчиларга унинг афзалликларини тушунтиришга ёрдам беради.

Хабарномалар масаласига келсак: агар инспектор машина қўйилганини, лекин тўлов йўқлигини кўрса, буни иловада қайд этади ва хабарнома қолдиради. Унда машина рақами, вақти, кўчаси ва автотураргоҳ пуллик эканлиги кўрсатилган бўлади. Бу жарима эмас, балки эслатма: «Сиз машина қўйдингиз, лекин тўлов қилмадингиз. Илтимос, тўлов қилинг, акс ҳолда жарима солиниши мумкин». Баъзи ҳайдовчилар хабарномани кўриб, дарҳол тўлайди ва автотураргоҳдан қоидага мувофиқ фойдаланишда давом этади.

Баъзан эса ҳайдовчи машинасини олиб кетиб бўлган бўлади — унда хабарнома шунчаки қолиб кетади. Унинг мақсади жазолаш эмас, балки ахборот беришдир. Бизда жарима ёзиш ваколати йўқ.

Шунингдек, ҳайдовчилар нотўғри машина қўйган ҳолатлар ҳам бўлади — масалан, чизиқлар параллел парковка қилишни талаб қилса ҳам, машинани «арчасимон» қилиб қўяди. Бундай ҳолатларда ҳам инспекторларимиз машинани қандай тўғри қўйиш кераклиги ҳақида эслатма қолдиради.

Биз техник масалаларда ҳам ёрдам берамиз: иловани қандай ўрнатиш, рўйхатдан ўтиш, тўлов қилиш? Инспекторлар жойида тушунтириб, ёрдам беради. Колл-марказ ҳам ишлайди — оператор телефон орқали ҳаммасини, Android ёки iOS бўлишидан қатъи назар, қандай созлашни тушунтириб беради. Ёрдам +998-78-113-67-00 рақами орқали барча учун мавжуд.

— Агар жарималарни сиз ёзмасангиз, унда ким ёзади? Айнан қайси санадан бошлаб жарима солиш бошланди?

— Жарималарни оператор эмас, балки Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ давлат органи «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ёзади. Биз жарима санкцияларини қўллаш айнан қайси санадан бошланганини аниқлаш учун расмий сўров юборишимиз ёки аниқлик киритишимиз мумкин, лекин такрорлайман: бизнинг асосий вазифамиз жарима солиш эмас, балки пуллик автотураргоҳларни ташкил этиш ва ахборот бериш ишларини олиб боришдир.

Ҳозирда биз биринчи навбатда ҳайдовчиларга пуллик автотураргоҳ нима учун жорий этилаётгани ва тизим қандай ишлашини тушунтиришга эътибор қаратмоқдамиз. Биз бу жазо эмас, балки хизмат эканлигини амалда кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Шунингдек, автотураргоҳлардан қандай фойдаланиш, чизиқларни қандай ўқиш ва бу нима учун муҳимлигини тушунтирамиз. Чизиқлар ГОСТ бўйича чизилган, бунда машиналар бир-бирига халақит бермайди, тўхташ пайтида ҳайдовчи ёнидаги автомобилга тегиб кетмайди ва чиқиб кетишда йўли тўсилиб қолмайди.

Кўплаб ҳайдовчилар инспекторларимиздан: «Агар мен пул тўласам, менда қандай кафолатлар бўлади? Машинамга бирор нарса бўлса, ким жавоб беради?» деб сўрайди. Биз тўлов тартибга солинган автотураргоҳ жойидан фойдаланиш ҳуқуқини беришини, аммо қўриқлаш хизматларини ўз ичига олмаслигини тушунтирамиз. Автомобиль хавфсизлиги учун жавобгарлик — суғурта компаниялари ва ЙҲХБ зиммасида. Бирор ҳодиса юз берса, экипаж чақирилади ва суриштирув ўтказилади. Ҳаммаси стандарт тартибда.

Кўплаб ҳайдовчилар дастлаб автотураргоҳ бепул бўлиши керак, деган фикрдан келиб чиқади. Агар у пуллик бўлса, «бонуслар» бўлиши керак: қўриқлаш, ёпиқ жой ва бошқалар. Бу — нотўғри тушунча. Пуллик автотураргоҳ — бу қўриқланадиган жой эмас. Бу — машинани қолдириш мумкин бўлган ва шароитлар стандартга мос келишига ишониш мумкин бўлган тартибга солинган жой. Лекин бу — айнан автотураргоҳ, қўриқланадиган жой эмас.

— Автотураргоҳ учун тўлов қилмаслик жаримаси қанча?

— Жарима миқдори 2 БҲМ (824 минг сўм) ни ташкил этади. Асос — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддаси — транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш.

Ўзбекистонда балл тизими жорий этилган. Агар ҳайдовчи тез-тез қоида бузса, унда жарима баллари тўпланади. Агар ҳайдовчи белгиланган лимитдан ошса, у ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта топширишга юборилади. Бу, принципиал жиҳатдан, адолатли. Агар инсон доимий равишда қоида бузса, у умуман йўл ҳаракати қандай ташкил этилганини тушунадими ва автомобилни бошқаришга қодирми деган савол туғилади.

— Шаҳарда тартибсиз автотураргоҳларни камайтиришга эришилдими?

— Ҳали энди 2 ой ўтди, жиддий хулосалар чиқариш учун бу жуда қисқа муддат. Шунга қарамай, натижалар аллақачон бор.

Биринчидан, биз ҳайдовчилар ва шаҳар аҳолисидан ижобий фикрлар олмоқдамиз. Одамлар чизиқлар пайдо бўлганини ва йўлни топиш осонлашганини, кўпчилик эҳтиёткорроқ машина қўйишни бошлаганини, қаерда бўлса, ўша ерга машина қолдиришни бас қилганини таъкидламоқда. Инспекторларимиз тизим ишга тушганидан сўнг кўчалардаги вазият қандай ўзгарганини кўрсатувчи фото ва видео материалларни мунтазам равишда юбориб туришади — тартибсиз автотураргоҳ муаммоси аста-секин йўқолмоқда.

Бундан ташқари, шаҳар хизматлари, шу жумладан, ЙҲХБ ҳам фаол ёрдам бермоқда. Улар рейдлар ўтказмоқда, тушунтириш ишлари олиб бормоқда ва, эҳтимол, жарима чораларини ҳам қўлламоқда. Буларнинг барчаси биргаликда ҳайдовчиларнинг хулқ-атворига таъсир қилади. Жарима — кучли тўхтатувчи омил ва у ҳам ишламоқда.

Биз вақт ўтиши билан пиёдаларга ва шаҳарнинг ўзига нисбатан ҳурматли янги маданият шаклланади деб умид қиламиз. Машиналар пиёдалар йўлаклари, газонлар устида турмаслиги ва ҳаракатга халақит бермаслиги керак, бу нормага айланиши лозим.

Йўллардаги тирбандликнинг камайиши, светофорлардаги узоқ навбатларнинг қисқариши ёки газ чиқиндиларининг камайиши каби глобал самараларга келсак — бу вақт масаласи. Биз бунга интилмоқдамиз, лекин маълумотларни тўплаш керак.

Пуллик автотураргоҳ тизими анчадан бери ишлаб келаётган мамлакатлар тажрибасидан маълумки: тирбандликда ўтказилган вақтнинг 25% игача ҳайдовчилар бўш жой қидиришга сарфлайди. Битта машина топмади, иккинчиси, учинчиси — ва кўчада тирбандлик юзага келди. Яъни, тартибга солинган автотураргоҳнинг йўқлиги кўчаларнинг тирбандлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Қачонки тизим йўлга қўйилса, тартибсизлик, ортиқча ҳаракат камаяди, демак, тирбандликлар ҳам камаяди.

Бундан ташқари, автотураргоҳдан тушган тушумларнинг катта қисми жамоат транспорти, пиёдалар йўлаклари, яшил ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилади. Бу эса шаҳарни барча учун — нафақат автомобилчилар учун — тоза, қулай ва жозибадор қилади.

— Сизда ривожланиш бўйича қандай режалар бор?

— Шаҳарнинг 86 та кўчасида пуллик автотураргоҳларни ишга тушириш. Лойиҳа доирасида камида 50 нафар инспектор жалб этилиши керак. Ҳозирда 20 дан ортиқ киши расман ишга қабул қилинган, жойларда ишламоқда. Шунингдек, биз пудратчиларни ҳам жалб қиламиз: монтаж ва қурилиш ишларига 150-170 нафар киши жалб этилган.

Ривожланиш ҳақида гапирадиган бўлсак, биз шаҳар муҳитидаги ўзгаришларга мослашмоқдамиз. Қаердадир янги кўчалар, қаердадир пиёдалар ёки гастрономик зоналар пайдо бўлмоқда. Биз шаҳар ҳокимиятининг режасига амал қиламиз: автотураргоҳ қаерда ва қандай ташкил этилишини айнан улар белгилайди. Биз оператор сифатида ушбу вазифаларни амалда бажарамиз.

Бундан ташқари, ҳамкорлар билан биргаликда тез ва қулай тўлов имкониятларини кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Биз учун энг муҳими — шаффофликни сақлаб қолиш. Ҳозирда ҳайдовчи иловада исталган вақтда қаерга ва қанча тўлаганини, автотураргоҳ сессияси қачон бошлангани ва тугаганини, агар вақтидан олдин чиқиб кетса, қанча маблағ қайтишини кўриши мумкин. Бу бизнинг тизимимизни олдинги, пуллар чек ва шаффофликсиз номаълум одамларга берилган тизимдан тубдан фарқ қилади.