
2025 йил 5 август куни соат 18:44 да Қирғизистон ҳудудида зилзила содир бўлди, унинг силкинишлари Ўзбекистонда ҳам сезилди, дея хабар берди ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази.
Зилзила эпимарказида ер силкиниши кучи 6 баллни ташкил этди. Магнитудаси 5,2 га тенг, ўчоғи 15 км чуқурликда жойлашган.
Зилзила эпимарказидан Тошкентгача бўлган масофа шимоли-шарқий йўналишда 292 км. Сейсмомарказ томонидан келтирилган координаталар Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига тўғри келади.
Ўзбекистон ҳудудида ер силкиниши кучи қуйидагича баҳоланди:
- Андижон вилояти: 3−4 балл, 68 км.
- Наманган вилояти: 3 балл, 96 км.
- Фарғона вилояти: 2−3 балл, 131 км.
- Тошкент – 2 балл.
Тошкентда силкинишлар 40−50 сония давом этди. Кўп қаватли уйлар аҳолисининг сўзларига кўра, тебранишлар сезиларли бўлган, хонадонлардаги қандиллар чайқалган.
ФВВ матбуот хизмати қурбонлар ва жабрланганлар йўқлигини маълум қилди.