АҚШ виза олиш учун 15 минг долларгача гаров пули жорий этиши мумкин

АҚШ Давлат департаменти туристик ва ишбилармонлик визасига ариза берувчилар учун гаров пули жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Федерал реестрдаги хабарга таяниб, Reuters ва Associated Press нашрларига кўра, бу сумма 5000, 10 минг ёки 15 минг долларни ташкил этиши мумкин.

Янги қоида 2025 йил 20 августдан бошланадиган 12 ойлик синов дастури доирасида амал қилади. Гаров пули виза бўйича белгиланган муддатни бузиш ҳолатлари юқори бўлган ҳамда ҳужжатлар устидан назорат етарли бўлмаган давлатлар фуқароларидан олинади. Агар чет элликлар АҚШдан ўз виза шартларига мувофиқ чиқиб кетса, маблағлар қайтарилади.

«Давлатлар виза муддатини ўтказиб юбориш ҳолатларининг юқорилиги, ҳужжатларни текширишнинг етарли эмаслиги, яшаш талабисиз инвестициялар орқали фуқаролик олиш билан боғлиқ хавотирлар, шунингдек, ташқи сиёсий мулоҳазалар асосида аниқланади», — деди Давлат департаменти вакили.

Дастурда иштирок этувчи мамлакатлар рўйхати у кучга киргандан сўнг эълон қилинади. Айрим ҳолларда гаров пули талаби бекор қилиниши мумкин.

Гаров пулининг жорий этилиши Дональд Трамп маъмурияти томонидан виза қоидаларининг қатъийлаштирилишининг бир қисмидир, дея таъкидлайди AP. Ўтган ҳафта Давлат департаменти виза муддатини узайтиришга ариза берган кўплаб шахслар учун такрорий шахсий суҳбат зарур бўлишини, Green Card лотереяси иштирокчилари эса ўз мамлакатининг амалдаги паспортини тақдим этишлари кераклигини эълон қилган эди.

Шу каби синов дастури 2020 йил ноябрь ойида — Трампнинг президентлик даврининг охирги ойларида бошланган эди, лекин коронавирус пандемияси фонида дунё бўйлаб саёҳатлар сони камайиши туфайли амалга оширилмаган, деб ёзади Reuters.

2025 йил июль ойида ҳам АҚШ ноиммиграция визалари олувчи хорижий сайёҳлар учун 250 доллар миқдорида янги йиғим (visa integrity fee) жорий этиши маълум бўлган эди. Бу «Катта ажойиб қонун» (One Big Beautiful Bill Act) қоидасида назарда тутилган.

Йиғим АҚШга ташриф буюрувчи, ноиммиграция визасини талаб қиладиган барча хорижликлардан, жумладан, сайёҳлар, ишбилармон сайёҳлар ва чет эллик талабалардан олинади. Аризаси рад этилганлардан бу тўлов олинмайди.

2025 йил июнь ойида Трамп Афғонистон ва Туркманистонни ҳам ўз ичига олган Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг 19 мамлакати фуқароларининг АҚШга киришига тақиқ ва чекловлар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бу мамлакатлар Қўшма Штатлар учун юқори хавф туғдирувчи деб топилган.