
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2025 йил 1 август куни бўлиб ўтган мажлисда вояга етмаганлар учун жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади.
Ҳужжатга кўра, жиноятни 18 ёшга тўлмасдан содир этган ва жазони тўлиқ ўтаган шахслар судланмаган деб ҳисобланади.
Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, Жиноят кодексининг 77-моддаси қуйидаги қоида билан тўлдирилмоқда:
- «18 ёшга тўлмасдан туриб жиноят содир этган ва тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс, ўта оғир жиноят содир этган ҳоллар ёки жазони ўтаб бўлганидан кейин 18 ёшга тўлгунга қадар қасддан янги жиноят содир этган ҳоллар бундан мустасно, судланмаган деб ҳисобланади».
Бундан ташқари, ҳужжатда вояга етмаганлар учун озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этишнинг энг кам муддатини 6 ойдан бир ойгача қисқартириш ҳам назарда тутилган.
Сенатнинг Ёшлар, аёллар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонованинг фикрича, қонун вояга етмаганларнинг ҳаётини «судланганлик тамғасисиз» давом эттириши учун шароит яратади, бу уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши керак.
Қонунни ишлаб чиқишда Россия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон тажрибаси ҳисобга олинган.
Статистикага кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 1911 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2214 нафарни ташкил этди. Улардан 1238 нафари ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар учун, 855 нафари эса унча оғир бўлмаган жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
Қонун, шунингдек, қонунбузарликлар даражаси юқори бўлган «қизил» маҳаллаларда ўсмирлар ўртасида жиноятчиликнинг ўсиши муаммосига ҳам тўхталиб ўтади. Сенатор жиноятчиликка қарши курашиш учун маҳаллий ҳокимият, маҳалла органлари, сенаторлар ва депутатларнинг биргаликда ишлаши зарурлигини таъкидлади.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар орасида:
- тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш;
- видеокузатув тизимларини ўрнатиш;
- ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш;
- иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш кабилар бор.