Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 06/08/2025

Тошкент аҳолиси чақирув бўйича тез тиббий ёрдам бригадасининг ҳаракатини харитада кўриши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Тез тиббий ёрдам республика маркази аҳолига ўз чақирувлари бўйича тез ёрдам бригадаси қаерда жойлашганлигини ва қанча вақтда етиб келишини кўриш имконини берувчи пилот лойиҳани ишга туширди. Лойиҳани ўзининг технологик ечими ёрдамида амалга оширган Yandex Uzbekistan компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Чақирилган тез ёрдам бригадасининг ҳаракатини браузердаги харитада, келажакда эса Yandex Go иловасида кузатиш мумкин бўлади. Кутилишича, бу ечим диспетчерларга тушадиган юкни сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Тез тиббий ёрдам чақирилгандан сўнг, тизим автоматик равишда харитага ҳавола қилинган SMS юборади, унда бригаданинг ҳаракати реал вақт режимида акс этади. Лойиҳанинг кейинги босқичида фойдаланувчиларга Yandex Go иловаси орқали бригаданинг жойлашуви ва унинг етиб келиш вақти ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган push-хабарнома келади. Ушбу маълумотларни тўғридан-тўғри иловадан бўлишиш мумкин бўлади. Ечим Yandex Maps’дан JavaScript API ёрдамида амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Тез тиббий ёрдам республика маркази маълумотларига кўра, диспетчерлар ҳар куни республика бўйлаб ўртача 40 минггача кирувчи қўнғироқни қабул қилади, уларнинг 60% гачаси шошилинч чақириқлар ҳисобланади.

“Рақамлаштириш жараёнларни одамлар учун янада шаффоф ва қулай қилиш имконини беради. Тез ёрдам бригадасининг қаерда жойлашганлигини кўриш имконияти бригадани қабул қилишга тайёргарликни тезлаштиришга ёрдам беради, шунингдек, операторларга тушадиган юкни камайтиради, деб умид қиламиз. Ҳозирда ечим Тошкент шаҳри ҳудудидаги шошилинч чақириқлар учун ишламоқда, аммо келажакда лойиҳани кенгайтириш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз”, — деди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғофуров.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Тез тиббий ёрдам республика маркази мамлакатнинг барча фуқаролари учун тез тиббий ёрдамнинг сифати, қулайлиги ва тезкорлигини ошириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимига рақамли технологияларни жорий этишни давом эттиради.