TBC Bank ва Billz ўртасидаги битимга Рақобат қўмитаси томонидан дастлабки розилик берилди

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси TBC Bank Group ва Billz платформаси ўртасидаги битимга дастлабки розилик берди, дея хабар қилди идора матбуот хизмати.

TBC Bank гуруҳи таркибига кирувчи Британиянинг TBC Bank Group PLC холдинг компанияси, электрон тижорат соҳасидаги ечимлар, шунингдек, савдони ва товар ҳисобини булутли технологиялар асосида бошқариш бўйича онлайн хизматларни тақдим этувчи Billz платформаси ишлаб чиқувчиси — Shoppe Group компаниясидаги 46,67% улушни сотиб олмоқда. Аввалроқ, биринчи босқичда 9 миллион долларга 53% улуш сотиб олиниши, икки йил ичида эса улуш 60% гача оширилиши режалаштирилгани хабар қилинган эди.

Битим TBC Bank ва Payme онлайн платформасига эгалик қилувчи TBC Bank Group’нинг Shoppe Group капиталига киришини назарда тутади.

Қўмитанинг махсус комиссияси таҳлилдан сўнг битимга дастлабки розилик берди. Бироқ, инсофсиз рақобатнинг олдини олиш ва маълумотлардан фойдаланишда суиистеъмолликларга йўл қўймаслик мақсадида қуйидаги мажбурий талаблар қўйилди:

  • Billz’нинг амалдаги ва келажакдаги фойдаланувчилари, шу жумладан TBC Bank ва Payme билан рақобатлашувчи компаниялар учун шарт-шароитларни асоссиз ўзгартиришни тақиқлаш;
  • Рақобатчиларнинг мижозларига оид шахсий ва тижорат маълумотларини рақобатни чеклаш ёки TBC Bank ва Payme’нинг мавқеини мустаҳкамлаш учун ишлатиш ёки ошкор қилишни тақиқлаш;
  • «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси (устун мавқени ва устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлаш) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 1-майдаги 256-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 19-бандида назарда тутилган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш, шунингдек, мазкур қонун ва қарор талабларига қатъий риоя қилиш.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил 24 июлдан бошлаб микроқарзлар бўйича талабларни кучайтирмоқда. Банклар портфелидаги улуш 25% дан ошмаслиги керак. Бироқ, TBC’да бу кўрсаткич анча юқори. Шунинг учун регулятор банкларга (TBC ва Anorbank) ўз портфелларидаги микроқарзлар улушини талаб қилинган даражага босқичма-босқич камайтириш учун 2029 йил 1 январгача муддат берди. BILLZ билан тузилган битим TBC’га кредит портфелини диверсификация қилишга ёрдам бериши керак.