Ўзбекистон фуқаролари визасиз бориши мумкин бўлган 34 та давлат. Рўйхат

Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 30 дан ортиқ давлатига визасиз ташриф буюриши мумкин, яна 42 та давлатга эса соддалаштирилган виза тартибида кириш мумкин. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ахрор Бурхонов ўзининг расмий Telegram-каналида маълум қилди.

Бундай рўйхат охирги марта 2024 йил февраль ойида эълон қилинган эди. Ўшанда визасиз режимга эга давлатлар сони 31 та эди.

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари визасиз ташриф буюришлари мумкин бўлган мамлакатлар:

  1. Антигуа ва Барбуда
  2. Арманистон
  3. Барбадос
  4. Беларусь
  5. Бирлашган Араб Амирликлари
  6. Доминика
  7. Эрон
  8. Фаластин
  9. Филиппин
  10. Гаити
  11. Гамбия
  12. Грузия
  13. Гренада
  14. Кения
  15. Кот-д’Ивуар
  16. Малайзия
  17. Микронезия
  18. Мўғулистон
  19. Молдова
  20. Намибия
  21. Озарбайжон
  22. Қирғизистон
  23. Қозоғистон
  24. Россия
  25. Сент-Винсент ва Гренадин
  26. Сейшел ороллари
  27. Шри-Ланка
  28. Суринам
  29. Таиланд
  30. Тожикистон
  31. Туркия
  32. Украина
  33. Хитой
  34. Уммон

Қуйидагилар етиб боргач виза олиш (visa on arrival) мумкин бўлган давлатлар:

  1. Боливия
  2. Бурунди
  3. Гвинея-Бисау
  4. Индонезия
  5. Иордания
  6. Кабо-Верде
  7. Камбоджа
  8. Комор ороллари
  9. Лаос
  10. Ливан
  11. Мадагаскар
  12. Макао
  13. Мальдив ороллари
  14. Маврикий
  15. Мавритания
  16. Мозамбик
  17. Непал
  18. Никарагуа
  19. Палау
  20. Қатар
  21. Руанда
  22. Самоа
  23. Саудия Арабистони
  24. Сьерра-Леоне
  25. Того
  26. Тувалу
  27. Ямайка
  28. Зимбабве
  29. Шарқий Тимор

Шунингдек, ўзбекистонликлар қуйидаги мамлакатларга электрон виза (e-visa) расмийлаштиришлари мумкин:

  1. Эфиопия
  2. Экваториал Гвинея
  3. Габон
  4. Гвинея
  5. Ҳиндистон
  6. Жанубий Судан
  7. Жибути
  8. Конго Демократик Республикаси
  9. Лесото
  10. Малави
  11. Нигерия
  12. Уганда
  13. Вьетнам

Матбуот котибининг сўзларига кўра, фуқароларнинг хорижга эркин ва қулай саёҳат қилишини таъминлаш, шунингдек, виза талабларини бекор қилиш ёки соддалаштириш вазирлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ташқи ишлар вазирлиги хорижий ҳамкорлар билан доимий музокаралар олиб бормоқда, бир қатор мамлакатлар билан аниқ келишувларга эришилган.

2023–2025 йилларда Хитой, БАА, Таиланд, Уммон, Эрон каби 10 га яқин давлатлар билан визасиз режим жорий этилди. Шунингдек, Саудия Арабистони, Қатар, Вьетнам ва бошқа давлатлар Ўзбекистон фуқаролари учун виза жараёнларини соддалаштирди.

Ахрор Бурхонов ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари учун виза режимини янада либераллаштириш бўйича ўнлаб мамлакатлар билан музокаралар давом этаётганини таъкидлади. Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқаролари учун халқаро имкониятларни кенгайтириб, бу йўналишда изчил ишлашда давом этмоқчи.

2025 йил май ойида Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим жорий этишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, АҚШ томонидан виза талабларини юмшатиш бўйича музокаралар олиб бориш режалаштирилган. Ҳозирда ёши 55 ёшдан ошган АҚШ фуқаролари учун визасиз режим амал қилади.