Тошкентда янги аэропорт 2030 йилгача қурилиши режалаштирилмоқда. Президент лойиҳа билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 1 август куни транспорт соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилган. Ҳозирда хорижий компанияларнинг хусусий шериклик механизми доирасидаги таклифлари кўриб чиқилмоқда.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов тақдимотда экспертлар хулосасига ҳавола келтирди. «Янги аэропорт қурилиши зарур чорадир. Бу жараённи 10 йилга кечиктириш ЯИМга 8,6 млрд доллар миқдорида салбий оқибатларга олиб келади. Ҳудуднинг «авиация хаби»га айланиш имконияти йўқолади», — дейилади слайдда.

Унинг сўзларига кўра, янги аэропорт амалдаги аэропортдан Тошкентнинг жанубида 17 км узоқликда жойлашади.

«Янги халқаро аэропорт қурилиши учун танланган ер участкаси Тошкент шаҳридаги амалдаги халқаро аэропортдан 17 километр узоқликда, пойтахтнинг жанубида, Тошкентни Самарқанд билан боғлайдиган мавжуд автомобиль йўли яқинида ва келажакдаги Тошкент – Самарқанд автомагистрали маршрутида жойлашган. Яъни, янги аэропортни транспорт ва логистика инфратузилмаси мавжуд бўлган жойда қуриш режалаштирилган», — деди Транспорт вазирлиги раҳбари.

Uzbekistan Airports компанияси бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаевнинг маълум қилишича, Тошкент халқаро аэропорти йилига 11 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатишга қодир. Ўтказиш қобилияти — соатига 17 та учиш ва қўниш, перронда эса бир вақтнинг ўзида 70 тагача самолёт жойлашиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодиётнинг ривожланиши билан 2030 йилга келиб Тошкент орқали йўловчи ташиш ҳажми 15 миллион кишигача ошиши мумкин. Модернизацияни ҳисобга олган ҳолда ҳам, амалдаги пойтахт аэропорти зарур ўтказиш қобилиятига эга эмас ва шаҳар ҳудудида жойлашгани сабабли кенгайтириш имконияти йўқ.

«Шунинг учун 2030 йилгача янги аэропортни фойдаланишга топшириш билан қуриш зарурияти юзага келди… Мавжуд аэропорт шаҳар марказига яқин жойлашган бўлиб, транспорт тирбандликларини юзага келтиради. Бундан ташқари, учиш-қўниш йўлакларининг жойлашуви хусусиятлари ва зич шаҳар қурилиши ҳаво кемаларининг манёвр қилиш имкониятларини ва кейинги кенгайишни чеклайди», — дея Умархўжаевнинг сўзларини келтиради «Ўзбекистон 24» телеканали.

Uzbekistan Airports раҳбарининг маълум қилишича, президент Тошкентда янги аэропорт қурилишини бошлаш ҳақида қарор қабул қилган. Биринчи босқичда ҳаво дарвозаси йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсата олади, бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни жойлаштира олади ва соатига 40 дан ортиқ учиш ва қўнишни таъминлайди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Умрзоқовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари топшириғига кўра лойиҳанинг молиявий томони қўшимча равишда қайта кўриб чиқилади.

Тарих

2012 йилда Тошкентни 2030 йилгача ривожлантиришнинг истиқболли режаси лойиҳасида аэропортни пойтахтдан жанубга, Жиззах томон 45 км узоқликдаги янги ҳудудга кўчиришни таклиф қилинган. Ҳужжатда аэропортни шаҳар чегарасидан ташқарига олиб чиқиш масаласи шаҳарсозлик ва экологик талаблар бўйича 1970 йилдан бери лойиҳаларда кўтарилгани қайд этилган.

Аэропортни кўчириш масаласи сўнгги йилларда ҳам муҳокама қилинган. 2020 йил февраль ойида ўша пайтдаги Uzbekistan Airports компанияси раҳбари Равшан Исмоилов шундай деган эди: «Тошкент аэропорти деярли шаҳар марказида жойлашган. Истиқболда уни Ангрен ёки Чиноз томонга 30-35 км кўчириш режаси бор. Лекин бу истиқболда».

2025 йил ёзида Uzbekistan Airports компаниясининг собиқ раиси Раъно Жўраева компания томонидан тайёрланган мамлакат аэропортларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясида Тошкентда шаҳардан 30 км узоқликда янги аэропорт қуриш ва уни халқаро хаб сифатида ривожлантириш таклиф этилганини маълум қилган эди.

Компаниянинг собиқ раҳбари ҳаво дарвозасининг мавжуд қувватлари (ўтказиш қобилиятини ошириш мақсадидаги жорий реконструкцияни ҳисобга олган ҳолда) янги учиш-қўниш йўлакларини қуриш имконияти йўқлиги сабабли кўпи билан 2027 йилгача етишини таъкидлаган.

2023 йил май ойида Сингапурнинг Changi Airports International компанияси Тошкентда янги аэропорт қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга ёрдам бериши, шунингдек, амалдаги аэропорт ишини оптималлаштириш бўйича маслаҳат бериши хабар қилинган эди.