
Навоийда ҳаво сифатининг кескин ёмонлашиши ва аниқланган қоидабузарликлар фонида 20 дан ортиқ саноат корхонаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Экология вазирлиги ва Бош прокуратура Навоийда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш манбаларини аниқлаш, сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўриш мақсадида текширув ўтказди.
Иш икки йўналишда олиб борилди: шаҳарда қайд этилган оқ тутун манбаини аниқлаш ва саноат чиқиндилари билан боғлиқ умумий экологик вазиятни яхшилаш.
2025 йил 19 июль куни ижтимоий тармоқларда Навоийда кескин ҳидли, йўтал келтириб чиқарувчи чангсимон тутун ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аҳоли бу чиқиндилар «Навоийазот» заводида юз берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди, бироқ компания бу маълумотни рад этди. Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ифлосланиш манбалари «Электроаппарат» корхонасининг эски ҳудудидаги ишлаб чиқариш бўлиши мумкинлигини, у ерда бир нечта компания фаолият юритишини тахмин қилди.
Шаҳарнинг 11 нуқтасида мобил лаборатория ёрдамида ҳаво сифати текширилганда рухсат этилган меъёрлардан ошиш ҳолатлари қайд этилди: олтингугурт диоксиди – 1,86 марта, аммиак – 1,43 марта.
Ўша куни собиқ «Электрокимё» заводи ҳудудида Sogda Kimyo Zavod, Ferrosplav ва Zarafshon Industrial Technology корхоналари яқинида зарарли моддаларнинг қисқа муддатли чиқарилиши қайд этилди, буни ёзувга муҳрлашга муваффақ бўлинди.
Қоидабузарликлар ва жарималар
Экология вазирлиги маълумотларига кўра, Sogda Kimyo Zavod экологик экспертизасиз ишлаган, чиқиндиларни ноқонуний сақлаган, очиқ муҳитга кислотали сувларни оқизган. Атроф-муҳитга етказилган зарар 7,38 млрд сўмга баҳоланди.
Ferrosplav ҳам экологик экспертизага эга бўлмаган, ифлослантирувчи моддаларни чиқарган ва чиқиндиларни рухсатсиз сақлаган, дейилади хабарда.
Вазирликнинг маълум қилишича, Zarafshon Industrial Technology давлат экологик экспертизаси кўрсатмаларини бузган: водород сульфиди бўйича рухсат этилган чиқиндилар 40 марта, азот оксиди – 12 марта, аммиак – 7 марта, олтингугурт диоксиди – 2,6 марта ошганлиги қайд этилган. Бундан ташқари, олтингугуртни сақлаш қоидалари бузилган.
Вазирлик бу корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатди ва қоидабузарликларни бартараф этиш учун 10 кун муддат берди. Бажарилмаган тақдирда – фаолиятни тугатиш тўғрисида судга даъво аризаси киритилади.
Қайси корхоналар шаҳардаги умумий экологик вазиятга таъсир кўрсатмоқда?
Ишнинг иккинчи босқичи доирасида учта ишчи гуруҳ тузилиб, шаҳар ва яқин ҳудудлардаги 168 та корхонани текширмоқда. Бугунги кунга қадар 42 та корхона текширилди, қоидабузарларга нисбатан судга ошириш учун материаллар тайёрланди.
Яна 22 та корхона, жумладан ғишт ва асфальт заводлари, сут ва қурилиш чиқиндиларини қайта ишловчи корхоналар ҳам экологик экспертизанинг йўқлиги ва қоидабузарликлар туфайли вақтинча тўхтатилди. Улардан 19 таси бўйича фаолиятни тугатиш тўғрисидаги даъво аризалари аллақачон судга юборилган.
Улар орасида:
- «Қурилиш маҳсулотлари» – ғишт заводи;
- «Навоий глобал транс сервис» – гранит;
- «Иттифоқ» – ғишт ишлаб чиқариш заводи;
- «Қизилқум темир бетон» – плиталар;
- «Қизилқум шифер» – шифер;
- «Стройком-77» – бўёқлар учун пигментлар;
- «Кармана кварс» – оҳак заводи;
- «Навоий утил мёд» – тиббий чиқиндиларни ёқиш;
- «Навоий асир инвест» – кимёвий моддалар омбори;
- «Барно» – қурилиш чиқиндилари полигони;
- «Навоий шебен хом-ашё» – оҳак заводи;
- «Навоий асир инвест савдо» – сирка кислотаси омбори;
- «Монтаж сервис малик работников» – металлни қайта ишлаш;
- «Карманасут» – сут қайта ишлаш;
- «Алибобо-2020» – металл эритиш;
- «Фосхим агро» – фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш;
- «Жаҳон бизнес барака сервис» – оҳак цехи;
- «Рубин-кармана» – асфальт заводи;
- «Согда кимё завод» – кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш;
- «Ферросплав» – металл эритиш;
- «Парда бобо устахонаси» – бетон блоклар.
Экология вазирлиги маълумотларига кўра, «Навоийазот»да қурилиш чиқиндиларининг белгиланмаган жойларда сақланиши ва атмосферага чиқиндиларнинг сутканинг турли вақтларида меъёрдан ошириб ташланиши қайд этилган. 2025 йил 29-30 июль кунлари ўтказилган таҳлил аммиак (6,6 марта), водород сульфиди (36 мартагача), олтингугурт диоксиди (1,2 марта) меъёридан ошганлигини кўрсатди.
2025 йил 29 июль куни корхонанинг карбамид цехида ўтказилган таҳлилга кўра, аммиак миқдори белгиланган меъёрдан 1,08 марта ошган. 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси «Навоийазот» атрофида ўтказилган ўлчовларда қуйидаги ошишлар қайд этилди:
- шарқий томонда соат 23:43 да – аммиак меъёрдан 1,5 марта, водород сульфиди – 36 марта;
- ғарбий томонда соат 00:16 да – аммиак 6,6 марта, водород сульфиди – 1,4 марта, олтингугурт тетроксиди – рухсат этилган қийматлардан 1,2 марта юқори.
Корхонага жарималар ва компенсация тўловлари тайинланди, қоидабузарликларни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилди.
Бундан ташқари, 2025 йил 24 июль куни Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар шахснинг ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти аниқланди, бу қора тутун билан ифлосланишга сабаб бўлган. Барчасига 18 млн сўм жарима тайинланди, ускуналар демонтаж қилинди.
Экологик экспертизадан ўтмаган корхоналарни текшириш туну кун давом этмоқда. Якунлар бўйича мажбурий экологик тадбирлар дастури тузилади ва Навоий вилояти халқ депутатлари кенгаши тасдиғига киритилади.
Экология вазирлиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузувчиларга нисбатан кескин чоралар кўришни давом эттиришга ваъда бермоқда.