
Тошкентдаги электр таъминотидаги муаммолар туфайли Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги ҳафталарда пойтахтда электр таъминотидаги кўп соатлик узилишлар тез-тез кузатилмоқда, бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда, тадбиркорликка зарар етказмоқда ва ижтимоий инфратузилма объектлари ишини издан чиқармоқда.
Аҳоли ва тадбиркорлар электр таъминотидаги 3-4 соатлик узилишлар бўйича кўплаб шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда, бу нафақат фуқароларнинг кундалик ҳаётига, балки бизнес фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектларининг барқарор ишида ҳам муаммолар юзага келмоқда.
Узилишлар йўл ҳаракати хавфсизлигига ҳам таъсир қилмоқда — светофорларнинг ўчиб қолиши ҳолатлари қайд этилган. Бир қатор ишлаб чиқариш ва савдо объектларида совутгич ускуналарининг ишида узилишлар содир бўлмоқда, бу маҳсулотларнинг бузилишига ва молиявий йўқотишларга олиб келмоқда. Аҳоли турар жойларида кучланиш сакрашлари ва ўчиришлар туфайли маиший техника бузилишлари кўпайган.
«Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, истеъмолчилар барқарор ва сифатли электр энергияси олиш ҳуқуқига эга. Шу қонуннинг 61-моддасида таъкидланишича, электр таъминотини тўхтатиш ёки чеклашга фақат бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ёки аварияларни бартараф этиш ҳолатларида рухсат берилади.
Шу муносабат билан, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова энергетика вазирига зарур тушунтиришлар беришни сўраб сенатор сўровини юборди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 24 июль куни Тошкентнинг Чилонзор, Яккасарой, Миробод ва Яшнобод туманларида электр таъминотига мажбурий чекловлар киритилган эди. ТЭТ буни трансформаторларнинг ортиқча юкланишининг олдини олиш билан изоҳлади. Пойтахтдан кейин Тошкент вилоятида ҳам магистрал тармоқларга юкламанинг чегаравий қийматлардан ошиши фонида электр энергиясига превентив ўчиришлар жорий этилди.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги ёзги электр энергияси истеъмоли ва жазирама даврида тармоққа тушадиган юклама қишки кўрсаткичлардан ошиб кетганини маълум қилган эди.
Электр энергияси етказиб беришдаги чекловлар Тошкентда бир йил аввал ҳам тахминан шу вақтда ва ўша сабаб — юқори ҳарорат туфайли рекорд даражадаги истеъмол сабабли жорий этилган эди.
Тошкентда электр таъминотидаги узилишлардан сўнг Бош прокуратура текширув ўтказди ва тизимда жиддий муаммоларни аниқлади: авария бригадалари етишмайди, ускуналар эскирган, юзлаб мутахассислар паст маош туфайли ишдан кетган. Тошкент электр тармоқлари бошлиғини ҳам қўшганда, 28 нафар мансабдор шахс жазоланди.