
Сурхон давлат қўриқхонасида иккита бурама шохли эчки (морхур) ўлдирилган ҳолда топилди, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Бу ноёб ҳайвонлар Ўзбекистон Қизил китобига ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Экология инспекторлари рейд давомида Х.Ш., Ш.Ж. ва В.М. исмли 3 нафар эркакни ашёвий далиллар билан қўлга олди.
Табиатга етказилган зарар 1,5 млрд сўмга баҳоланди. Жиноят қўриқхона ҳудудида содир бўлганлиги сабабли, сумма 3 баравар оширилиб, 4,5 млрд сўмни ташкил этди. Тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди, дейилади хабарда.