Сурхондарёда 8 ёшли қиз мактаб олдидаги пиёдалар ўтиш жойида машина уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди

Сурхондарё вилояти Узун туманида саккиз ёшли қиз йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди, дея хабар берди MY5 телеканали.

29 ёшли ҳайдовчи Nexia-2 русумли машинани бошқариб кетаётиб, мактаб яқинлигидан огоҳлантирувчи йўл белгисига қарамай, тезликни пасайтирмаган. Оқибатда у пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизни уриб юборган.

«Юк машинаси ёнига етганимда, унинг орқасидан бола югуриб чиқди. Мен тормозни босдим, лекин инсонга тегиб бўлгандим», — деди ҳайдовчи.

«Узун тумани жиноят ишлари бўйича судида марҳуманинг онаси бундай ЙТҲларнинг олдини олиш, болаларни асраш ва бу бошқаларга дарс бўлиши учун айбланувчига қаттиқ жазо тайинлашни сўради», — дейилади репортажда.

Ҳайдовчи 5 йил муддатга манзил-колонияда жазони ўташ шарти билан озодликдан маҳрум этилди. У шунингдек, 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.