Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 29/07/2025

Ота қизини зўрлагани учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилди

Суд қизига нисбатан мунтазам зўравонликда айбланган эркакка ҳукм чиқарди, дея хабар берди Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати.

Вазият оила эҳтиёжмандлар реестрига киритиш жараёнидан ўтаётганда маълум бўлди. Агентликнинг ижтимоий ходими оила аъзоларини ижтимоий хизматлар кўрсатиш доирасида тиббий кўрикдан ўтиш учун юборди. Текширув қизнинг аввал айта олмаганларини аниқлашга ёрдам берди. Бу расмий терговнинг бошланиши бўлди.

«Хавфсизликни таъминлаш мақсадида қиз вақтинча оилавий болалар уйига жойлаштирилди, комплекс баҳолашдан сўнг эса онасига қайтарилди. Бугунги кунда у доимий ҳимоя остида ва реабилитациядан ўтмоқда. Унга комплекс ёрдам — тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади агентлик хабарида.

Суднинг 24 июлдаги ҳукми билан эркак Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисмининг «а», «б» ва «е» бандлари (Яқин қариндошини, 18 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш, оғир оқибатларга олиб келган ҳолда) бўйича айбдор деб топилди. Унга 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги болаларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга интилишини билдирди. Агентлик фуқароларни бундай вазиятлар ҳақида «Инсон» марказларига ёки туну кун ишлайдиган 1146 ишонч телефони орқали хабар беришга чақирди.

Аввалроқ Ангренда 15 ёшли қизнинг зўрланиши ҳақида хабар берилган эди, жиноий ишда 4 нафар айбланувчи бор. Бу ҳолат ҳам ижтимоий ҳимоя агентлиги, шунингдек, болалар омбудсмани ва Бош прокуратура назоратида.