
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 июль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди ва «Зомин технопарки» махсус саноат зонасида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
400 гектар майдонга эга технопарк қурилиши Президент томонидан 2023 йил 27 июнда бошланган эди. Лойиҳа доирасида хитойлик инвесторлар билан биргаликда умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик 31 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Бу давр мобайнида зарур инфратузилма яратилди ва ишлаб чиқариш объектлари қурилди. Яқинда бу ерда Хитойнинг Xinjiang Honglin Tiandi компанияси томонидан ишга туширилган, қиймати 10 миллион долларлик бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи — биринчи корхона ўз фаолиятини бошлади. Корхонада 60 та иш ўрни яратилган.
Президентга иккинчи лойиҳа — Midea бренди остида йилига 300 минг дона маиший электротехника ишлаб чиқариш режалаштирилган корхона қурилиши якунлангани ҳақида ҳам маълумот берилди. Инвестиция ҳажми 42 миллион долларга баҳоланмоқда, 150 та янги иш ўрни яратилади.
Технопаркда биринчи босқич доирасида жами 9 та лойиҳа жойлаштирилган. Ҳозирда умумий қиймати 300 миллион долларга яқин бўлган яна 7 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Технопаркда қурилиш материаллари, металл конструкциялар, электротехника ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, логистика ва ўқув-тренинг марказларини ташкил этиш режалаштирилган.
Технопаркда барча режалаштирилган лойиҳалар амалга оширилганидан сўнг, йилига қарийб 5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 15 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва 70 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Жами 5000 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, инвесторларга зарур ёрдам кўрсатиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Иккинчи босқич доирасида яна 5 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Улар орасида Longze Investment Group компанияси билан биргаликда тиббий ва қўриқлаш ускуналари ишлаб чиқариш, шунингдек, Foxit компанияси билан ҳамкорликда ноутбуклар, планшетлар, серверлар ва роутерлар ишлаб чиқариш ҳам бор.
Бундан ташқари, чарм ва спорт пойабзали, қурилиш материаллари, чинни идишлар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бу ташаббусларнинг умумий қиймати қарийб 250 миллион долларни ташкил этади. Барча лойиҳаларда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, бунда маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизи ташқи бозорларга етказиб берилиши режалаштирилган.
Агар 2018 йилда минтақада атиги 18 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, 2024 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 1 миллиард доллардан ошди. Охирги 8 йил ичида минтақага 3,7 миллиард доллар сармоя киритилди, 4000 дан ортиқ саноат корхонаси ишга туширилди, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 260 дан ошди, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.