
Тошкент шаҳар Яккасарой тумани жиноят ишлари суди Тошкентдаги меҳмонхонада журналист Инесса Паперная ва унинг ҳамроҳи Максим Радченконинг ўлими бўйича жиноят ишида 4 нафар шахсни айбдор деб топди.
Эслатиб ўтамиз, Инесса Паперная ва Максим Радченко 2024 йил 22 октябрда Karaman Palace Hotel меҳмонхонасида вафот этган эди. Яна бир хонада Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган.
Экспертиза журналистнинг қонида гемоглобин ва ис гази бирикмасини аниқлади. Тергов 2025 йил апрель ойи охирида якунланиб, иш судга юборилган эди.
Айблов хулосасига кўра, Паперная ва Радченко техник текширувдан ўтмаган, фойдаланиш учун сертификатлари бўлмаган ва 2021 йилдаёқ ҳисобдан чиқарилиши керак бўлган носоз эскирган иситиш қозонидан ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган.
Суд жараёни бошида иш бўйича айбланган 4 кишидан 3 нафари — сантехник ва иситиш ускуналари сотувчилари — ўз айбини тан олмади, меҳмонхона эгаси эса ўз айбини қисман тан олишини билдирди.
Меҳмонхона эгаси Азамат Хўжақулов суд томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, одамларнинг ўлимига олиб келиши) билан айбдор деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Сантехник Нодирбек Қурбонов, иситиш ускуналари сотувчилари Зайниддин Жамолдинов ва Абдурасул Юсупов худди шу жиноятда айбдор деб топилиб, ҳар бири 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Айблов судланувчилар учун 7 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.
Суд қарорига кўра, Радченконинг қариндошлари фойдасига маҳкумлардан 60,68 млн сўм (тахминан 380 минг рубль), Папернаянинг қариндошлари фойдасига эса 67,58 млн сўм (тахминан 420 минг рубль) экспертиза ўтказиш ва вафот этганларнинг жасадларини ватанига олиб келиш харажатлари учун ундирилади.