
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова 15 ёшли қизнинг зўрлаш қурбони бўлгани билан боғлиқ вазиятни жойида ўрганиш учун Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда болалар омбудсмани офиси хабар берди.
Дастлаб, у жабрланувчи даволанаётган Ангрен шаҳар болалар шифохонасига борди. Болалар омбудсмани қизнинг соғлиғи, тиббий ҳужжатлари ва даволаш жараёни билан танишди. Шунингдек, у қиз билан яккама-якка суҳбат ўтказди.
Болалар омбудсмани маълумотларига кўра, шифокорлар ўткир артрит, икки томонлама бронхопневмония, оқсил-энергетик етишмовчилик, оғир даражадаги камқонлик ва сепсис каби касалликларда зарур ёрдам кўрсатмоқда.
«Келтирилган касалликларнинг барчаси сурункали хусусиятга эга бўлиб, содир этилган жиноят оқибати эмас», — дейилади хабарда. Аввалроқ, блогер Саодат Абдузакирова зўрлашдан сўнг қизда йиртилиш жойларида абсцесс бошланганини хабар қилган эди.
Вояга етмаганга нисбатан зўравонлик факти бўйича жиноий иш 2025 йил 9 апрелда қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.
Сурайё Раҳмонова ўз ваколатлари доирасида тергов жараёнини кузатиб бормоқда. Хусусан, у боланинг такрорий психологик жароҳат олишига йўл қўймасликни ҳамда процессуал ҳаракатларда малакали педагоглар ва психологлар иштирокини таъминлашни тавсия қилди.
Ташриф доирасида шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Марказ мутахассисларининг хабар беришича, улар С.Я. оиласи билан тизимли равишда ишламоқда, комплекс ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатмоқда ҳамда болани реабилитация қилишга кўмаклашмоқда.
Баёнотда ишончсиз маълумотларни тарқатиш бола манфаатларига зарар етказиши мумкинлиги таъкидланган. Фуқаролар давлат органларининг фақат расмий маълумотларига таянишга чақирилди.

