
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги қарори билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ОСАГО) тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, суғурта тарифлари ва шартлари, жумладан, ОСАГО полиси нархи янгиланмоқда. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА – суғурта бозори регулятори) нархлар бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилганини таъкидлади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ҳайдовчилар сони чекланган енгил автомобиллар учун ОСАГО полиси нархи:
- Вилоятлар учун – 160 000 сўм (ҳозир – 40 000 сўм);
 - Тошкент ва Тошкент вилоятида – 192 000 сўм (56 000 сўм);
 - Ўзбекистонга вақтинча олиб кирилган хорижий рўйхатдан ўтган автомобиллар учун – 320 000 сўм.
 
Юк автомобиллари учун тарифлар ҳам ўзгаради:
- Вилоятлар учун – 280 000 сўм (48 000 сўм);
 - Тошкент ва Тошкент вилояти учун – 336 000 сўм (67 200 сўм);
 - Хорижий мамлакатлардан кириб келаётган транспорт воситалари учун – 560 000 сўм.
 
Шунингдек, олдинги 12 ой ичида суғурта ҳодисалари мавжуд бўлганда суғурта мукофотлари миқдори ҳам ўзгаради. ЙТҲга учраган ҳайдовчилар кўпроқ тўлайдилар:
- Бир ҳолатда – 208 000–249 600 сўм (илгари 80 000–112 000 сўм);
 - Икки ҳолатда – 320 000–384 000 сўм (илгари 100 000–140 000 сўм);
 - Уч ва ундан ортиқ ҳолатда – 480 000–576 000 сўм.
 
2026 йилдан бошлаб амал қилувчи тарифлар
| Ҳайдовчилар сони чекланган | Суғурта суммаси | Бир суғурта ҳолати | Икки суғурта ҳолати | Уч ва ундан ортиқ суғурта ҳолати | 
| Тошкент ва вилоятлар аҳолиси | 1 | 1,3 | 2 | 3 | 
| 1500 куб.см гача енгил автомобиль | 192 000 | 249 600 | 384 000 | 576 000 | 
| 1500 куб.см дан юқори енгил автомобиль | 336 000 | 436 800 | 672 000 | 1 008 000 | 
| Автобуслар ва микроавтобуслар | 384 000 | 499 200 | 768 000 | 1 152 000 | 
| Ҳайдовчилар сони чекланган | Суғурта суммаси | Бир суғурта ҳолати | Икки суғурта ҳолати | Уч ва ундан ортиқ суғурта ҳолати | 
| Бошқа ҳудудлар аҳолиси | 1 | 1,3 | 2 | 3 | 
| 1500 куб.см гача енгил автомобиль | 160 000 | 208 000 | 320 000 | 480 000 | 
| 1500 куб.см дан юқори енгил автомобиль | 280 000 | 364 000 | 560 000 | 840 000 | 
| Автобуслар ва микроавтобуслар | 320 000 | 416 000 | 640 000 | 960 000 | 
Эслатиб ўтамиз, ОСАГО бўйича максимал суғурта суммаси икки баравар – 40 миллиондан 80 миллион сўмгача оширилади. Бу ЙТҲ оқибатида ҳаёт, соғлиқ ва мол-мулкка етказилган зарарни қоплашни ўз ичига олади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ягона суғурта биллинг тизими – тўловларни ҳисобга олишни автоматлаштириш ва суғуртачилар ҳамда давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини таъминлаш учун ишга тушади.
2024 йил май ойида ИЛМА сўнгги йилларда автомобиль эгаларининг суғурта ташкилотларига шикоятлари сони ошганини маълум қилган эди. Ҳайдовчилар суғурта товон пуллари белгиланган муддатларда тўланмаётганини ва зарарни қоплаш учун максимал тўлов суммаси етарли эмаслигини таъкидлашган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2019 йилда тасдиқланган йилига 56 минг сўм миқдоридаги суғурта мукофоти суғурта ташкилотларининг зарарларини қоплаш учун етарли эмас. Шу сабабли тўловлар турли йўллар билан кечиктирилмоқда, дея қайд этди ИЛМА.
Ҳисоб-китобларда сўнгги 6 йилдаги инфляция ҳам инобатга олинган.

