
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси чиқиндилар билан боғлиқ тўлов интизоми тўғрисидаги қонунни амалга оширишда юзага келаётган муаммолар сабабли Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигига сўровлар юборди.
Президент 2025 йил 7 март куни қонунни имзолади, унга кўра, агар истеъмолчи СМС-огоҳлантиришдан кейин 5 кун ичида чиқинди олиб кетиш учун қарзини тўламаса, унга электр энергияси учун тўлов имконияти вақтинча блокланиши мумкин.
Янги тартиб 2025 йил 1 августдан кучга киради ва эски қарздорликка нисбатан қўлланилмайди (чекловлар фақат 2025 йил 1 июлдан кейин юзага келган қарзларга нисбатан қўлланилади).
Бироқ, қўмита маълумотларига кўра, амалда «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси иловасида чиқинди олиб кетиш учун қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаяпти, «Тоза макон» биллинг тизими ва «ҲЭТ» тизими ўртасида тўлиқ интеграция мавжуд эмас.
Бундан ташқари, қатор истеъмолчиларда чиқинди олиб кетиш бўйича шартномалар йўқ, абонент базаларида эса ноаниқликлар мавжуд.
Сенаторлар вазирликлардан электрон тизимлар ўртасида маълумот алмашиш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳақида аниқ маълумот беришни, шунингдек, ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар киритишни сўради.

